Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туб бурилиш йили: Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим босқичи

Туб бурилиш йили: Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим босқичи

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаати халқпарварлик, адолат ва инсон манфаатларини устувор қўйган аниқ ташаббуслар билан аҳолининг қалбидан чуқур жой олди. Жумладан, маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, шунингдек, ички бозорда талабни рағбатлантириш каби устувор вазифалар белгилаб берилгани фуқаролар томонидан катта қувонч ва мамнуният билан қарши олинди.

Мурожаатномада ҳар бир ҳудуд, ҳар бир оила манфаати инобатга олингани, муаммоларга очиқ ва амалий ечимлар таклиф этилгани аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Юртдошларимиз мазкур халқпарвар сиёсат Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилишига, ислоҳотлар натижаси кундалик ҳаётда янада яққол намоён бўлаётганидан мамнун бўлишмоқда.

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида кўп ишларни амалга оширдик ва эндиликда янада муҳим босқичга қадам қўймоқдамиз. Мамлакатимиз тараққиётининг бу даври барча соҳа ва тармоқларда чуқур трансформацияни талаб этмоқдаки, бундан кўзланаётган асосий мақсад ҳар биримиз учун равшан ва  аниқ — яқин йилларда Ўзбекистонни даромади ўртадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига олиб чиқишдир.

Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан Жиззах ва Сирдарёгача — юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаро ислоҳотлар самарасини ўз кундалик ҳаётида ҳис қилиши керак. Шу маънода, кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт ва экология каби соҳаларида туб бурилиш йили бўлиши алоҳида таъкидланмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек: «Биз – бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз!»

Бу сўзлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини, халқимизнинг куч-қудрати ва келажакка бўлган ишончини яққол ифодалайди. 2026 йил эса ана шу ишончни амалда тасдиқлайдиган, тараққиёт тарихимизда янги саҳифа очадиган йил бўлиши кутилмоқда.

Шу аснода, Давлат раҳбарининг Мурожаатномасида белгилаб берилган 6 та устувор йўналиш ана шу улкан мақсадларга хизмат қилади. Уларнинг биринчи ва энг диққатга сазовор йўналиши — маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилашдир. Чунки юрт ободлиги, аввало, маҳалладаги шароитлар билан ўлчанади. Йўл, сув, электр, транспорт, боғча, мактаб ва тиббиёт муассасаларидаги янгиланишлар — аҳолимизнинг турмуш тарзини ижобий томонга ўзгариб бораётганини кўрсатиб берувчи муҳим жиҳатлардир.

Шу боисдан, келгуси йилдан маҳаллани ривожлантиришда комплекс ёндашув жорий этилиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, десак асло муболаға бўлмайди. Ҳар бир вилоятда 2–3 тадан туман танланиб, улардаги барча маҳаллаларда муаммолар бир вақтнинг ўзида ҳал этилади. Бу янги тажриба Ургут туманидан бошланиб, у ерда 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий эко-шаҳар барпо этилади. Мазкур мақсадлар учун 544 миллиард сўм ажратилиб, юзга яқин боғча, мактаб ва поликлиникалар қурилади, ички йўллар, муҳандислик тармоқлари тўлиқ янгиланади.

Умуман, 33 та туман ва 330 та шароити оғир маҳаллада ишларни янги тизим асосида ташкил этиш режалаштирилган. Бу ишларга барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм ажратилиши, депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал қилиш учун 500 миллиард сўм берилиши ислоҳотларнинг халққа янада яқинлашганидан далолатдир. 2030 йилгача шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси киритилади.

Ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун маҳаллий бюджетлар мустақиллиги кучайтирилмоқда. Қўшилган қиймат солиғидан тушумларнинг маълум қисми ҳудудларда қолдирилиб, туман бюджетларига йўналтирилади. Самарасиз штатлар қисқартирилиб, тежалган маблағлар аҳоли кўтарган муаммоларни ҳал этишга сарфланади. Бу орқали маҳаллий даражада катта молиявий манбалар шакллантирилади.

Келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм тўғридан-тўғри вилоятларнинг ўзига берилади. Энг муҳими, ҳар бир сўм иш ўринлари ташкил қилиш, аҳоли даромадини оширишга хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади.

Шунингдек, урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар бошланади. Шаҳарларнинг тартибсиз кенгайиши чекланиб, экин майдонларини асраш бўйича қатъий мезонлар жорий этилади. Илк бор 45 та агломерация ҳудудлари белгиланиб, «Барқарор шаҳар» платформаси орқали яшаш учун қулайлик индекси» жорий этилади.

Камбағалликни қисқартириш масаласи эса умуммиллий ҳаракатга айланиши натижасида сўнгги йилларда миллионлаб одамлар камбағалликдан чиқарилди. Бу йўлда тадбиркорлар ҳал қилувчи куч сифатида қўллаб-қувватланмоқда. 2026 йилда ҳам солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилиб, кичик ва ўрта бизнесга улкан молиявий ресурслар йўналтирилади. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Алоҳида айтиш жоизки, Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатида илгари сурилган халқпарвар сиёсат ва устувор вазифалар аҳоли ҳаёти сифатини оширишга қаратилган аниқ мақсад ва амалий режаларга таянади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг