Туризм: Лондондаги халқаро кўргазмада Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди
Лондонда туризм соҳасида дунёдаги энг йирик халқаро кўргазма ва ярмаркалардан бири – «World Travel Market London – 2025» бўлиб ўтмоқда.
Кўргазмада Туризм қўмитаси, мамлакатимизнинг Лондондаги Элчихонаси ва «Milliy PR-markazi» ДМ кўмагида ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендида 10 дан ортиқ миллий сайёҳлик компаниялари ва юртимиз ҳунармандлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Миллий стендда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди. Унда ташриф буюрувчилар республикамиз, жумладан унинг бой маданий ва тарихий мероси, қадимий шаҳарлари, меҳмондўстликнинг замонавий ривожланиши ва инфратузилмалар ҳақида батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлдилар. Ўзбекистон павилёнида янги сайёҳлик йўналишларини қидираётган Британия ва хорижий компаниялар билан B2B форматида музокаралар ўтказиш учун шароитлар ташкил этилган.
Бундан ташқари, ҳамкор мамлакатлар ва йирик ташкилотларни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган TXTY-2025 Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этишга жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Миллий стендда Ўзбекистоннинг бой маданияти ва урф-одатларини акс эттирувчи миллий фолклор дастури намойиш этилмоқда. Ўзбек рақслари, анъанавий куй-қўшиқлар ва турли ҳудудларга хос маданий кўринишлар томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда.
«WTM London» туризм соҳасидаги энг йирик ва оммабоп халқаро кўргазмалардан бири бўлиб, ушбу соҳадаги хизматларнинг деярли барча турларини тақдим этади. «WTM» 1980 йилдан буён ҳар йили Лондонда ўтказилади. 2009 йилдан Ўзбекистон ушбу тадбирда мунтазам иштирок этиб келади.
«WTM-2025» кўргазмасида 180 дан ортиқ мамлакатлар, 4 мингга яқин сайёҳлик компаниялари ва туроператорларнинг стендлари туризм соҳасидаги 45 мингдан ортиқ мутахассислар томонидан намойиш этилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter