Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Копенгагендан Доҳагача: 30 йиллик ваъда ва янги чақириқ

Копенгагендан Доҳагача: 30 йиллик ваъда ва янги чақириқ

Фото: Президент матбуот хизмати

1995 йил. Копенгаген шаҳрида тарихий воқеа бўлиб ўтган эди: дунёнинг 117 та давлат раҳбарлари жамланиб, “инсонни ривожланиш марказига қўйиш” шиори билан ижтимоий адолат, бандлик ва камбағалликка қарши кураш йўналишида умуминсоний келишувни имзолагандилар. Бу “Копенгаген декларацияси” деб ном олган тарихий ҳужжат эди. Унда 10 та асосий мажбурият белгиланган бўлиб, уларнинг замирида битта мақсад ётарди — инсон қадри.

Орадан ўтган 30 йил ичида инсоният ҳақиқатдан ҳам катта йўл босиб ўтди. Бир миллиарддан ортиқ инсон камбағалликдан чиқди, соғлиқни сақлаш ва таълим тизими яхшиланди, аёллар ва ёшлар учун янги имкониятлар эшиги очилди. Аммо дунё яна бир бор чуқур ўйга толмоқда: нима учун турмуш фаровон бўлгани сайин, адолат ва барқарорлик ҳисси камайиб бормоқда?

Янги асрнинг синовлари

Бугун жаҳон янги муаммолар қаршисида турибди. Инсонлар орасидаги даромадлар тафовути чуқурлашмоқда, иш ўринлари тобора ноаниқ ва вақтинчалик тус олмоқда, жамиятлар орасида ўзаро ишонч сўнмоқда.

БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий ишлар бўйича котиб ўринбосари Ли Цзюньхуа таъкидлаганидек, бугунги дунёда ишонч эрозияга учрамоқда, биз Доҳада бу ишончни қайта тиклашимиз керак.”

Иқлим ўзгариши, урушлар, миграция, рақамли трансформация ва сунъий интеллект билан боғлиқ ишсизлик хавфи – буларнинг барчаси ижтимоий барқарорликни янги синовларга дуч қилмоқда.

Доҳа саммити

2025 йил 4–6 ноябрь кунлари Қатар пойтахти Доҳада ўтадиган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммити дунё етакчиларини яна бир бор битта мақсад — инсон қадрини тиклаш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш атрофида бирлаштирмоқда.

Бу саммитда қабул қилиниши кутилаётган “Доҳанинг сиёсий декларацияси” жаҳон ҳамжамияти учун янги йўналиш бўлади. Унда камбағалликни бартараф этиш, тўла бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини яратиш, ижтимоий интеграцияни кучайтириш ҳамда рақамлашув, сунъий интеллект ва иқлим ўзгариши ортидан келадиган янги таҳдидларга мослашиш масалалари устувор деб белгиланмоқда.

Саммитдаги Форумлар ва “Глобал альянс очлик ва камбағалликка қарши” йиғилишида ҳам ижтимоий ҳимоя тизимини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, барқарор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби амалий ечимлар муҳокама қилинади.

Ўзбекистоннинг иштироки ва ҳиссаси

Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни амалий ташриф билан Доҳа шаҳрига етиб борди.

Президентимиз бугун, 4 ноябрь куни саммитда қатнашиб, ижтимоий барқарорлик, аҳоли бандлиги, таълим ва иқлимга мослашув соҳаларида Ўзбекистоннинг аниқ ташаббусларини илгари суриши кутилмоқда. Ушбу ташаббуслар — Янги Ўзбекистон концепциясининг ўзаги бўлган “Инсон қадри учун” тамойилининг халқаро минбардаги давоми ҳисобланади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий ислоҳотлар — камбағалликни қисқартириш дастурлари, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” орқали ҳимоя тизимини кучайтириш, янги иш ўринларини яратиш, таълим сифатини ошириш ва барча учун тенг имкониятни таъминлаш — бугун дунёдаги ижтимоий ривожланиш концепциясининг жонли намунасига айланмоқда.

Доҳа саммити нафақат декларациялар, балки амалий ечимларни тақозо этмоқда. Форумда келтирилган мисоллар – Ҳиндистондаги рақамли идентификация тизими, Шри-Ланкада ёшларни касбий тайёрлаш марказлари, Сьерра-Леонедаги ногиронлиги бўлган шахслар учун микрокредит дастурлари, инсоният бирлашса, ҳар бир шахс ҳаётини яхшилаш мумкинлигини исботлайди.

“Дунёда ресурслар етарли. Масала — адолат ва иродада”, дейди БМТ Бош Ассамблеяси раиси Анналена Бербок.

30 йил аввал Копенгагенда берилган ваъда бугун Доҳада янги мазмунда янграмоқда: дунёда ривожланиш сиёсати эмас, инсонни қўллаб-қувватлаш ҳаракати устун бўлиши керак.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирокини шу нуқтаи назардан баҳоласак, давлатимиз раҳбари дунё ҳамжамиятини инсон қадри, ижтимоий адолат ва имкониятлар тенглиги сари бирлаштириш тарафдори сифатида майдонга чиқмоқда.

Бу йўлда Янги Ўзбекистоннинг тажрибаси ва ташаббуслари глобал миқёсдаги ижтимоий ривожланиш жараёнларига ҳисса қўшиши, дунё халқлари учун янги илҳом манбаи бўлиши шубҳасиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг