“Одамлар нима дейди?”: Ромитандаги фожеа ортидаги оғриқли ҳақиқат
Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди томонидан чиқарилган ҳукм жамоатчиликда катта резонанс уйғотди. Судланувчи М.Н. 22 ёшли талабa, икки нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25- ва 97-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари билан икки нафар ожиз аҳволдаги (вояга етмаган) шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилишда айбланган.
Бухоро вилояти суди судьяси Нозимжон Жўраевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, М.Н.га нисбатан суд ҳукми билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Суд ҳужжатларида баён этилишича, М.Н. 2020 йилда дастлаб, фуқаро Ф.Б.га турмушга чиққан. Ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли у билан ажрашган. Ота-онасининг уйига қайтиб келгач, 2021 йилда бир нафар ўғил фарзандли бўлган. Орадан кўп вақт ўтмай, 2022 йилда у Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ туманида яшовчи фуқаро И.Т. билан интернет орқали танишиб, у билан шаръий никоҳ қурган. 2023 йилда яна бир нафар ўғил фарзандни дунёга келтирган. Икки нафар вояга етмаган фарзанди билан шаръий никоҳдаги эрининг уйида яшаётган М.Т. яна турмушнинг аччиқ синовларига дуч кела бошлаган. Ўзи ва фарзандларининг И.Т. томонидан камситилиб келинган аёл унинг дуртқи-суртқиларига ҳам сабр билан чидашга мажбур бўлган. М.Т. бора-бора, иқтисодий танг аҳволда ҳам қола бошлаган. И.Т. на аёлига, на фарзандларига эътибор кўрсатмаган, иқтисодий қўллаб-қувватламаган. Бир муддат ота-онасининг хонадонига қайтган М.Т. орадан кўп ўтмай, синглисидан иккинчи турмуш ўртоғининг бошқа бир аёлга уйланиш ва Тошкендаги хонадонини сотиш тараддудига тушаётганини эшитган. Илк турмушидан рўшнолик кўрмаган М.Т. иккинчи турмушининг ҳам жар ёқасига тушиб қолаётгани, ота-онасига «юк» бўлиб, фарзандларини боқишга қийналаётгани, ҳаёт ташвишларидан чарчаганини ҳис қилгани боис, ўзи ва фарзандларининг жонига суиқасд қилиш пайига тушган.
Суд ҳужжатларига кўра, М.Т. жорий йилнинг февраль ойида ҳам Тошкентда яшаб келаётган вақтида дори ичиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлган. Афсуски, бу гал у ҳеч иккиланмай, ўзига қўшиб, норасида гўдакларининг ҳам жонига суиқасд қилишга киришган.
У шу мақсадда Бухоро тумани, «Боғикалон» МФЙ, «Юзон» қишлоғидан оқиб ўтувчи сув тўла ҳолатидаги эни 5-6 метр, чуқурлиги 2 метр бўлган «Ғозиобод» каналига аввалига икки нафар вояга етмаган фарзандларини ташлаб юбориб, кейин ортидан ўзини ҳам шу каналга ташлаб юборган.
«Мен отамга тегишли бўлган «Дамас» русумли автотранспорт воситасини ювиш мақсадида катта канал бўйига келгандим. Шу пайтда каналнинг нариги тарафи бўйлаб, бир бегона аёл икки нафар фарзанди билан ўтиб кетишди. Мен ҳайрон қолдим. Аслида, бу томонга жуда камдан-кам ҳолатдагина бегона одам ўтади. Балки, улар боққа боришаётгандир, деган ўй ҳам ўтди юрагимдан. Аммо, аёлнинг қадам ташлашлари бежо, ғалати эди. Аёлни кузатиб турдим. Шу топда менга қўнғироқ бўлиб қолди. Телефондаги суҳбатдошимга ҳам, негадир, шу ҳақда гапириб бераётгандим, не тонгки, аёл ҳам ёнидаги болалари ҳам бир пасда кўздан ғойиб бўлишди. Шубҳаландим. Мен катта ариқнинг бошқа тарафи, етмаганига сув оқимига қарама-қарши тарафда эмас эдим. Ўз-ўзимдан оёқларим югуриб кетяпти, гўёки, она ва болаларини қидиришга. Уларни сувга ғарқ бўлишганини кўрмаётган бўлсам-да, алланечук кўнглим сездими, шу кўйи ҳозиргина телефонда гаплашиб турганим танишимга яна қўнғироқ қилдим. Огоҳлантирдим. Ичим ёнарди, ўзим сезмаган ҳолда. Кўп ўтмай, шу яқин манзилда жойлашган қишлоғимизнинг бир нечта одамлари ҳам бақир-чақир қилиб чиқа бошлашди. Одамлар шиддатли сувда бир чўкиб, бир типирчинлаб оқиб келаётган бир нафар вояга етмаган болани қутқариб қолишга улгуришибди...»,-дейди судга гувоҳлик берган фуқаро А.Р.
Ўзи ҳам сувда сузишни билмаган М.Т. эса шошқин сув тўлқинига дош беролмай, амаллаб канал бўйига чиққан. Сувда биғиллаб келаётган 2 ёшар ўғлининг жонига ачишиб, уни онанинг ўзи қутқариб қолган. Бир пасда одамлар тўпланишиб, икки нафар вояга етмаган бола ҳамда онани қутқариб қолиб, зудлик билан ички ишлар профилактика инспектори ҳамда «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилишган.
«Эрим ташлаб кетди, бу турмушимдан ҳам бахт тополмадим, одамлар нима дейди? Мен ҳеч кимга керак эмасман, болаларим ҳам ҳеч кимга керак эмас, шу сабабли ўзимни ва болаларимни сувга ташлаб ўлдирмоқчи бўлдим...”,-дея такрор-такрор йиғлаб гапирган, чинқирган, бақирган.
Тасодиф туфайли ёрдам берган фуқароларнинг аралашуви билан она ва болалар тирик қолган. Болалар нафас етишмовчилиги ва совуққа чалиниш билан шифохонага ётқизилган.
М.Т. эса судда ўз айбини инкор этган. Аёлнинг сўзларига кўра, у ҳаётдан безиб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, аммо, фарзандларини ўлдириш нияти бўлмаган. Шу билан бирга, у ҳодиса вақтида ҳушида бўлганини ва болаларини сувга тушиб кетганини аниқ эслай олмаслигини айтган.
Бироқ, суд-тергов жараёнлари гувоҳлар ва тиббий экспертиза хулосалари, шунингдек видеотасвирлар ва ҳодиса жойини кўздан кечириш далиллари у аввал фарзандларини, кейин эса ўзини сувга ташлаганини аниқлаган.
Психиатрия экспертизаси ҳам ўз хулосасида судланувчи ҳодиса вақтида ақли расо бўлганини, ўз қилмишини англай олганини баён этган. Демак, М.Т. қилмишининг оқибатини англай олган ҳолатда ўз хатти-ҳаракатини амалга оширган. «Одамлар нима дейди?»-деган гўёки ёқимсиз эътиқодга айланиб қолган онг остида ўзини ва фарзандларини бир вақтда ҳалокатга олиб бориб, турмуш муштларидан қочишнинг ягона йўлини танлаган. Тўғри, бу аёлнинг жиноятини оқламайди.
Бироқ, айтиш жоизки, бу воқеа оилавий зўравонлик, руҳий саломатлик хизмати ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимидаги камчиликлар ҳали ҳануз «яшаб» келаётганини англатади. Атрофдагилар (маҳалла кўй, яқинлари, оиласи ва бошқалар) М.Т.нинг бор-йўғи, 22 ёшида ҳар икки турмушида ҳам чигалликларга, оилавий зўравонликка дуч келиб, қийинчиликлар орасида яшаб келаётганидан хабардор бўлишган. Туманлар миқёсида маҳалла фуқаролар йиғинлари, қолаверса, профилактика органлари, «Еттилик» деган «тушунчалар» ва бошқалар бундай ҳолатларни олдиндан аниқлаш ва аралашиш механизмларига эга эмас. Ромитандаги бу иш фақат бир оиланинг фожиаси эмас, балки, у яшаб келаётган муҳит, маҳалла ва жамият учун огоҳлантирувчи сигналга ўхшайди.
Ҳар бир суд ҳукми билан танишиб, уни ўқир эканмиз, ҳар доим «айбдор жазоланди» деган фикр билан чекланиб қоламиз. Дарҳақиқат, суд ўз ҳукмини чиқарди: М.Т. 4 йилга қамалди.
Аслида, жиноятчи эмас, жиноят қурбонига айланиб қолаётган бу ожиза шу 4 йил умрини темир чамбара ортида яшаб ўтишга маҳкум.
Албатта, суд қарорлари жиноятнинг оқибатини белгилайди. Аммо, жиноятнинг сабабларига ечим топиш эса кенг жамоатчиликнинг иши.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter