Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Уммон тубидан самогача...

Уммон тубидан самогача...

foto: chatgpt

Жак-Ив Кусто инсоният нигоҳини ер устидан океанлар тубига қаратиб, бу ғаройиб  олам сирлари-ю, муаммоларини ошкор қилди.  Кусто командаси тасмага муҳрлаган фильмлардан бири балиқлар ҳаётига бағишланади.

Шу фильмни неча бор кўрсам-да ҳайратим асло камаймайди. Увилдириқдан пайдо бўлган мурғак балиқчалар вояга етгач, туғилган жойларидан неча юз минг километр масофага узоқлашиб кетадилар. Бошқа уммонларгача етиб борадилар. Аммо ҳаётлари сўнгида юз минг машаққат билан, қанчадан-қанча табиий, сунъий тўсиқлардан ўтиб, неча минг-минглари йўлларда жон таслим қилиб, жуда оз миқдорда қолсалар ҳам туғилган жойларига қайтадилар. Шу ерга  увулдириқ  қўйиб, сўнг бўлажак насллари учун емишга айланадилар.

Телевидениеда Африка ва Лотин Америкаси чангалзорларида яшайдиган турфа хил қушлар ҳаётига доир инглиз олимлари суратга туширган фильмларни намойиш қилишди. Яна ҳайрат, тушуниб бўлмайдиган сир-синоат. Ўғри, қароқчи, текинхўр қушлар, тайёрга айёр қушлар, боласини бировга ташлаб кетадиган сурбет қушлар, зурриёти учун ўлимга тик бора оладиган  онаизор қушлар, рассом қушлар, ҳофиз қушлар, тўқувчи , қурувчи қушлар...

Биттаси минг уриниб ин қуради, бошқаси пойлаб туриб, уни эгаллаб олади. Биттаси қурган инига тухум қўяди, бошқаси бошини қотириб ўтирмай, тухумини шу тайёр инга жойлаштиради. Биттаси ин қуриш учун узоқ-узоқларга учиб, ҳориб-толиб, оғзида хас-хашак олиб келади. Бошқаси эса йўлда унга ҳужум қилиб, оғзидаги чўпни олиб қочади. Биттаси сув юзасига чиқиб қолган балиқларни тумшуғига олиб, ҳавога кўтарилиши билан қароқчи қушларга дуч келади ва ўлжасидан маҳрум бўлади.  Биттаси инида пайдо бўлиб қолган бегона тухумни ўзиники қатори очиб чиқаради. Бегона тухумдан чиққан қуш боласи эса кўп ўтмай унинг болаларини пастга қулатиб юборади.

Мени ҳайратга солгани − қушлар орасида бахил, хасис, бировнинг уйини бузмаса, болаларига озор бермаса кўнгли ўрнига тушмайдиганлари ҳам бўлар экан... Ўйланиб қоламан: ким кимдан ўрганди  экан − одамзод қушларданми ё қушлар бизларданми?..

Аҳмаджон Мелибоев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг