Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Айдар-Арнасой кўллари ҳудудида қушларни кузатиш тадбирлари бўлиб ўтди

Айдар-Арнасой кўллари ҳудудида қушларни кузатиш тадбирлари бўлиб ўтди

Экология вазирлиги Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти томонидан Жиззах вилояти, Фориш туманида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида пресс-тур ўтказилди.

3-4 октябрь — “Бутунжаҳон қушларни кузатиш кунлари” муносабати билан ўтказилган пресс-турда вазирлик ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти, Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлими ва Фориш давлат ўрмон-овчилик хўжалиги ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида қушларни табиий муҳитда кузатиш, кўллар бўйлаб қайиқда саёҳат ва Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда ундаги қушлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, ҳудуднинг экотуризм салоҳияти ҳам кенг тарғиб қилинди.

Маълумот учун, Айдар-Арнасой кўллари Ўзбекистоннинг Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида жойлашган бўлиб, Рамсар конвенциясининг сув-ботқоқ ерлари рўйхатига киритилган. Бу ерларнинг ҳайратланарли, бетакрор манзараларига қараб, чўл ўртасида, Арнасой пасттекислигида: Оч дашт ва Қизилқум чўли ўртасида эканлигига ишониш қийин. Айдар-Арнасой тизимига Айдаркўл, Тузкон ва Шарқий Арнасой кўллари киради. Кўлларнинг умумий майдони 4 минг квадрат километрни ташкил қилади.

Шарқий Арнасой кўллари Жиззах вилоятидаги Чордарё сув омборининг жанубий-ғарбида жойлашган. Ўтган асрнинг 50 йилларигача Шарқий Арнасой кўлларининг ўрнида қуриб қолган шўр кўл бўлган, у пасттекисликда фақат баҳорда пайдо бўлиб, ҳаво исиши билан яна йўқолиб қолган. Оч даштнинг ўзлаштирилган ерларидан коллектор-дренаж оқими ва Чордара сув омборидан оқиб тушадиган сел сувларининг қуйилиши натижасида вазият ўзгарди. Бора-бора Арнасой пасттекислиги тўла бошлади, Айдар ҳавзаси эса сувга тўлди. Шу тариқа Айдаркўл кўли пайдо бўлди. 1969 йилда Чордара сув омборидан сув қуйилиши натижасида Айдар-Арнасой кўллар тизими ва Тузкон кўли вужудга келди. Гўзал манзарали маскан балиқ ва кўчманчи қушларнинг севимли маконига айланди.

Арнасой кўлларининг қирғоқларида қамиш, туранга, чакан, юлғун каби ўсимликлардан иборат зич чакалакзорларни кўриш мумкин. Ўнлаб турдаги қушлар, жумладан, балиқчи қушлар, қарқаралар, ўрдаклар, ҳаққушлар ва бошқалар тўқайзорлардан бошпана топадилар.

Шунингдек, Айдар-Арнасойда ноёб қушлар: пушти сақоққуш, жингалак сақоққуш, кулранг ғоз, суралай ғоз, қилиз ўрдак, қўнғир ўрдак, қизилбош, олмабош, оқкўз, сўфтўрғай, сариқ сор, суқсун, сахро лочини, қирғий, миққий, оқ думли бургут, қора калхат ва ҳайдаркокил кабиларни учратиш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг