«Бу турфа гуллар, айтинг, муҳаббат боғиданму?..»: Абдурауф Олимовни хотирлаб
Шерали ҳофиздан дуо олган, бетакрор қўшиқлар яратган, автофалокатга учраб, ўн йил саҳнадан узоқлашган Абдурауф Олимовни хотирлаб...
Абдурауф Олимов... Мен уни анчадан буён яхши билардим: вазмин-босиқ, одобли, хушмуомалали йигит эди. Қолаверса, у сaнъат оламига ҳам шундай одоб, шундай босиқлик билан, ўзига хос овоз, ўзига хос услуб билан кириб келганди. Дилрабо ва жозибадор қўшиқлари билан Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам кўплаб мухлислар орттирди.
Абдурауф Олимов асли тожикистонлик ўзбеклардан. 1957 йил 16 ноябрда Ленинобод областининг Пролетар райони (ҳозирги Сўғд вилоятининг Жаббор Расулов тумани)даги Ғўлакандоз қишлоғида туғилган. Зиёлилар оиласидан. Ота-онаси, ака-укаси, сингиллари ҳам битта касб эгалари – ўқитувчи бўлиб, барчаси санъатни астойдил севарди. Акаси эса, яхшигина созанда ва хонанда сифатида обрў қозонганди.
Оилавий муҳит таъсиридан бўлса керак, Абдурауф ҳам аввалига педагоглик касбини танлади. Мактабни битиргач, Ленинобод (ҳозирги Хўжанд) педагогика институтининг Бадиий графика ва рассомлик факультетининг кундузги бўлимига ўқишга кирди. Меҳнат фаолиятини 1980 йили ўз қишлоғидаги мактабда ёшларга чизмачилик фанидан сабоқ беришдан бошлади. Сўнгра янада каттароқ, янада масъулиятлироқ ишга – санъаткор сифатида элга хизмат қилишга шайланди.
Албатта, Абдурауфнинг бундай қарорга келиши бежиз эмасди. Акаси сингари у ҳам болалигиданоқ ашула айтишга иштиёқманд эди. Чунки атоқли бастакор Муҳаммаджон Мирзаев куйларини, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Шерали Жўраев ҳамда ҳамқишлоғи – машҳур хонанда Жўрабек Набиев қўшиқларини эшитиб, санъатга кўнгил қўйганди. Шу боис синфдошлари, дўстлари даврасида, баъзан тўй-томошаларда ўзича қўшиқ куйлаб юрарди. Бу одатини талабалик йилларида ҳам ташламади. Лекин у пайтларда ўзгаларга тақлиддан нарига ўтолмасди. Айниқca, Шерали Жўраев ашулаларини айнан ўзига ўхшатиб куйларди.
Тўғри, бир қарашда бошқаларнинг қўшиқларини aйтишнинг ёмон жойи йўқ. Ахир, таниқли хонанда танҳо, мухлислари эса минг-минглаб. Улар севикли санъаткорлари ашулаларини ҳар доим ҳам ўзининг ижросида тинглаш бахтига муяссар бўлаверишмайди. Яхши қўшиқ эса, барибир, халқ мулкига айланади.
Инчунин, Шерали Жўраев истеъдодига эътибор берилмаган, унга радио-телевидение эшиклари тақа-тақ беркитилган ўша даврларда унинг қўшиқларини Абдурауф сингари ёшлар маромига етказиб, эл орасида куйлаб юришлари ижобий ҳол эди. Фақат тақлидчиликнинг бошқа бир хавфли жиҳати бор. Ҳаваскорда овоз, Худо берган истеъдод бўлса-ю, буни ўзи ҳам сезмаса, тақлидчиликдан нарига ўтмаса ва ундан воз кечмаса, оқибати яхши бўлмайди. Яккаш бировларнинг тайёр қўшиқларини айтишга ружу қўйган хонанда вақти-соати келиб, эл назаридан қолади. Абдурауф ҳам ана шундай қисматга дучор бўлиши эҳтимолдан холи эмасди.
Хайриятки, кунларнинг бирида бахтли тасодиф рўй берди. Синглисининг никоҳ тўйига Шерали Жўраев тaшриф буюрди. Абдурауф имконини топиб, у билан холи суҳбатлашди. Шогирд тушиш нияти борлигини рўй-рост айтди. Табиийки, Шерали Жўраев ундан даврага чиқиб, бирорта қўшиғини куйлаб беришини сўради. Абдурауф бу таклифни бажонидил адо этди. Уни тинглаб ва санъат ихлосмандлари томонидан астойдил олқишланганини кўриб Шерали Жўраевнинг чеҳраси ёришди.
– Майин ва ширали овозингиз бор экан, – деди у микрофонни қўлига олиб. – Фақат бир маслаҳатим: келгусида нуқул менга тақлид қилишдан қочинг. Кўпроқ ўз услубингиз ва йўналишингизда қўшиқлар яратиш пайида бўлинг. Чунки санъаткорлик одоби шундай – ҳар қандай хонанданинг, яхшими-ёмонми, ўз оҳанги, ўз қўшиғи бўлиши шарт! – Кейин тўй қатнашчиларига юзланди. – Келинглар, ҳаммамиз биргалашиб, дуо қилайлик: шу йигит келгусида яхши хонанда – эл ардоғидаги санъаткор бўлиб етишсин. Омин, Аллоҳу Акбар!
Устознинг бу ўгитлари Абдурауф учун қонун, самимий тилаклари доимий мададкор бўлди. У яхши ният ва умид ила 1982 йили Тошкентга келиб, Ўзбек Давлат филармониясига яккахон хонанда сифатида ишга кирди. Салкам уч йил мобайнида ўзи меҳр қўйган таниқли бастакор Муҳаммаджон Мирзаев ва у кишининг ўғли Шавкат Мирзаевдан мусиқий сабоқ олди. Уларнинг куйларига теран маъноли ва одамларга тушунарли сўзлар танлаб ёки аксинча, шундай шеърларга куй басталаб, қўшиқ яратишни ва ижро этишни ўрганди. Бора-бора бу ишлар билан мустақил равишда шуғуллана бошлади. Алқисса, эзгу мақсад йўлидаги интилишлари ва изланишлари зое кетмади. Санъат шайдолари унинг «Фарғонанинг боғлари» (C.Қўқонбеков), «Ер айланиб» (П.Mўмин), «Зебо» (Тўлқин) каби илк ашулаларини илиқ кутиб олишди. Бу қўшиқлар ҳаял ўтмай алоҳида пластинкага муҳрланди.
Ўз издоши ва шогирдининг камоли кимни қувонтирмайди, дейсиз? Шерали Жўраев Абдурауф уйланганида у ота-онаси ва бошқа оила аъзолари билан бирга яшайдиган хонадонда ўтказилган тўйда хизматда бўлди. Куй-қўшиқлар ва рақслар авжига чиққан бир пайтда хониш қилишдан бир зум тўхтаб, давра иштирокчиларига мурожаат қилди.
– Ҳурматли мухлислар! – деди у ўзига хос ўктам овозда. – Мен ҳар гал Тошкентдан Андижонга бораётганимда, албатта, Абдурауфнинг уйига бирров кириб ўтаман. Бошқача айтганда, бу уй менинг севимли қўналғам, Абдурауф эса истеъдодли шогирдларимдан бири. У шу пайтгача сизларники эди, асосан, сизларнинг яхши кунларингизда хизмат қилиб келаётганди. Энди катта санъат даргоҳига дадил қадам қўйди. Санъат эса халқникидир! Модомики, шундай экан, келинглар, бугун шу қутлуғ хонадонда туриб, Абдурауфга оилавий бахт-саодат, санъаткорликдек машаққатли ва шарафли ишларида омадлар тилайлик!..
Орадан йиллар ўтди. Бу орада Абдурауф устози умидини, мухлислари ишончини оқлади. Турли мавзулардаги «Кел, эй ёрим!» (Ў.Рашид), «Диёрим», Ола қолсанг-чи, ёр» (Н.Нарзуллаев), «Тинчлик кабутари» (М.Бобоқулов), «Қўлингни узатгил менга, ёр» (У.Абдуазимова), «Наманганда гул базми», «Ўхшар» (Т.Тўла), «Санъат» (О.Ҳакимов), «Ишқингда ўлдим» (Машраб), «Бу турфа гуллар, айтинг, муҳаббат боғиданму?» (B.Саъдулла) каби қўшиқларини яратиб ва ўзигa хос оҳангда ижро этиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди.
У Ленинобод (Хўжанд) шаҳридаги мусиқали драма ва комедия театрининг етакчи хонандаларидан бирига айланди. Шу боис тез-тез Тожикистон ва Ўзбекистон бўйлаб гастроль сафарларида бўлди. Бундан ташқари, шаҳар-қишлоқларда ўтказиладиган турли тадбир ва тантаналарда, ўзбек ва тожик хонадонларидаги тўйларда сидқидилдан хизмат қилаи. Муҳими, у ҳамиша изланишда, янги-янги қўшиқлар яратиш орзусида бўлди.
Абдурауфнинг репертуари, асосан, ўзбек миллий қўшиқларидан иборат эди. Қолаверса, Ленинобод Душанбедан анча узоқ. Шу боисданми, уни Тожикистон телевидениеси ва радиосига онда-сонда таклиф қилишарди. Бу ёқда эса, қўшни республикадан бўлгани учунми, ўзбек телевидениеси ходимлари ҳам унинг санъатига бирмунча лоқайдлик билан қарардилар. Зеро, ўша йиллари мен бу хонанданинг лоақал бирорта қўшиғи телеэкранларимиз орқали янграганини эслай олмасдим.
Камина худди шу ҳақда мақола ёздим ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1989 йил 3 март сонида чиқардим. Унда Ўзбекистон радиоси ҳақида ҳам ўз фикримни билдирдим. Абдурауфнинг радио фондидаги қўшиқлари, кейинги пайтларда ёзиб олинган бир-иккита янгиларини ҳисобга олмаганда, асосан 3-4 йил олдингиларидан иборат эди. Улар ҳам кўпинча «Машъал» дастури орқали эфирга узатиларди.
«Назаримда, новлик ёш хонанда Қодир Мирашуровга нисбатан ҳам шундай эътиборсизлик бўлмоқда, – деб ёзилганди яна мақолада. – Оқибатда кўплаб қўшиқ мухлислари улар сингари қўшни республикаларда яшаб, ижод қилаётган ёш ўзбек санъаткорлари қўшиқларидан тўла баҳраманд бўлолмаяптилар. Бу ҳолатлар, аввало, ўша хонандалар кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Янада хавфлиси, санъаткорнинг истеъдоди маънавий жиҳатдан рағбатлантирилмаса, ўзи эътибордан четда қолса, умидсизликка тушиши ва фақат моддий манфаатдорликни кўзлаб, отарчилик йўлига кириб кетиши, пировардида ўз истеъдодини бой бериши ҳеч гап эмас. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун эса, бўлажак хонандаларга, шу жумладан, қўшни республикаларда яшаётган иқтидорли ёш миллатдошларимизга ҳам ғамхўрлик кўрсатишимиз зарур. Бу, айниқса, байналмилал тарбияни, миллатлараро муносабатларни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётган ҳозирги кунда жуда муҳимдир.
Ўйлаймизки, радио ва телевидениедаги ҳамкасбларимиз бизнинг беғараз таклиф-истакларимизни самимий қабул қиладилар ва келгусида қўшиқ шайдоларининг талаб-эҳтиёжларини имкон қадар қондириш чораларини кўрадилар».
Мақола кўп ўтмай ижобий самарасини берди. Абдурауф Олимовнинг қўшиқлари ўзбек телевидениеси орқали ҳам эфирга узатила бошланди. Бундан руҳланган хонанда ўз репертуарини янги-янги қўшиқлар билан янада бойитишга киришди. Бироқ 40 ёшини нишонлашига саноқли кунлар қолганда, аниқроғи, 1997 йил кузида автофалокатга учради. Шу асно оғир жароҳатланди, айниқса, боши қаттиқ лат еди. Шифокорлар уни «Бундан буён ашула айтманг, акс ҳолда, миянгиз зўриқади», деб огоҳлантиришди. Оқибатда у ўн йил мобайнида тўйларга бормади, саҳналарда кўринмади. Айни ҳолат унинг ҳар бир янги қўшиғини интиқиб кутадиган, айниқса, «Бу томонга бир қараб қўй» (Чустий)», Ишқингда ўлдим» (Машраб), «Гул бир ён, чаман бир ён» (Тўра Сулаймон), «Бу турфа гуллар, айтинг, муҳаббат боғиданму?» (Восит Саъдулла) сингари ниҳоятда оммалашиб кетган ашулаларини берилиб тинглайдиган мухлисларини қаттиқ хавотирга солди. Табиийки, ўз навбатида, Абдурауф ҳам саҳнани соғинди, одамлар доимо гавжум бўладиган концерт залларини, ёшу қари бирдек завқланадиган тўй-томошаларни қўмсади, қаттиқ ўксинди...
Ва ниҳоят, узоқ давом этган танаффусдан сўнг соғлиғи бирмунча тиклангач, у яна санъат оламига қайтди. Асосий эътиборни, аввало, янги қўшиқлар тайёрлашга ва уларни алоҳида альбомда жамлашга қаратди. Дастлаб отасига атаб «Падари бузруквор» қўшиғини яратди. Шунингдек, қашқадарёлик шоир Муҳаммад Носирнинг марҳум санъаткорлар Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Холиқов ҳамда севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб ёзилган шеърига куй басталаб, қўшиққа айлантирди. Унга оламдан эрта кўз юмган истеъдодли хонанда Нуриддин Ҳайдаровнинг номини ҳам киритди. Зеро, Абдурауф бу йигитлар билан қалин дўст ва қадрдон ака-ука бўлган, узоқ йиллар оилавий борди-келди қилган, муҳташам санъат саройларида биргаликда хайрия концертлари ўтказган эди.
Тиниб-тинчимас хонанданинг ўша кезлар томошабинлар ҳукмига ҳавола қилган қўшиқларидан яна бири «Бағрингга яна қайтдим, қадрдон саҳна» деб аталди. Сўзлари гулистонлик шоир Ҳасан Абдувоҳидов қаламига мансуб бу шеър ўзининг кейинги йиллардаги ижоди ҳақида ёзилгани боис Абдурауф учун жуда қадрли эди. «Гул юз» номли навбатдаги қўшиқ эса севги-муҳаббат мавзусида бўлди.
Хуллас, ўз овозига ва ўз услубига эга дея эътироф этилган, ўтган асрнинг 80–90-йилларида ўзбек эстрадасида муносиб ўрин эгаллаган, қўшиқларининг аксариятига ўзи маҳорат билан куй басталаган Абдурауф Олимов бу сафар сўнгги нафасига қадар санъат оламини тарк этмади. Ўзининг изидан бориб, иқтидорли санъаткорлар қаторидан ўрин олган укаси Рустам ва ўғли Бобурдан, талай шогирдларидан фойдали маслаҳатлари ва амалий ёрдамини ҳаргиз аямади, турмуш ўртоғидан, яна бир ўғли Алишер ва қизи Наргизадан, беш нафар невараси, келинлари ва куёвидан меҳр-муҳаббатини ҳеч қачон дариғ тутмади. Айниқса, олти ёшга тўлар-тўлмасидан қўшиқ айта бошлаган Алимардонга келгусида Олимовлар сулоласи ишини давом эттирадиган зурриёти сифатида катта ишонч ва умид билан қаради.
Мафтункор лирик овози билан ўзбекистонлик ва тожикистонлик мухлислари қалбини забт этган, 15 та қўшиғи Тошкент радиосининг олтин фондига киритилган Абдурауф Олимов 2021 йил 11 август куни 63 ёшида вафот этди.
Абдунаби Ҳайдаров.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter