Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мисрда ҳинд сайёҳлари 2000 йил аввал қолдирган «граффити»лар топилди

Мисрда ҳинд сайёҳлари 2000 йил аввал қолдирган «граффити»лар топилди

Луксордаги Подшоҳлар водийси.

Мисрнинг машҳур Подшоҳлар водийсида қадимги ҳинд сайёҳларига тегишли излар топилди. Олимлар учта қадимий ҳинд тилида битилган ўнлаб ёзувларни ўрганиб чиқишди, деб хабар берди Live Science.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу ёзувлар олтита даҳма мажмуасида аниқланган. Лозанна университети профессори Инго Штраухнинг айтишича, улар Миср Рим империяси таркибида бўлган ва сайёҳларни фаол жалб қилган даврга оид.

Ёзувлардан бири санскрит тилида бўлиб, унинг муаллифи Индранандин исмли шахс ўзини шоҳ Кшахаратанинг элчиси деб таништирган. Штраухнинг тахминича, Индранандин бошқа ҳиндлар билан бирга кемада Береника портига келган ва у ердан мамлакат ичкарисига — Подшоҳлар водийсига йўл олган.

Бешта даҳмада «Чикай Корран» исми саккиз марта учрайди.
Фото: Инго Штраух

Маълумотларга кўра, ёзувларнинг ярми Ҳиндистон жанубида қўлланилган қадимги тамил тилида битилган. Бешта даҳмада «Чикай Корран» исми саккиз марта учрайди. Француз тадқиқотчиси Шарлотта Шмиднинг эътиборини ушбу шахс ўз исмини деворларнинг жуда баланд қисмига ёзгани тортди. Хусусан, унинг исми фиръавн Рамзес IX мақбарасига кириш жойидан беш метр баландликда жойлашган.

Олимлар Корран ёлланма жангчи ёки савдогар бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда, бироқ унинг аниқ мақоми ва нега исмини бу қадар баландга ёзишга ҳаракат қилгани ҳозирча сирлигича қолмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг