«Қасос ва қонун» – машҳур блокбастер ишланганига 50 йил бўлди
1975 йилда Ҳиндистон киноэкранларида илк жангари фильм намойиш этилди. Бу таниқли кинорежиссёр Рамеш Сиппининг «Қасос ва қонун» кинокартинаси эди. Фильмнинг асосий ғоялари турли йилларда тасвирга олинган икки киноасардан олинганди. Биринчиси – 1954 йилда Япония киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Етти самурай» бўлса, иккинчиси – 1968 йили Италия киноижодкорлари тасвирга олган «Бир куни ёввойи Ғарбда» фильмлари эди.
Ҳиндистонда бир нақл бор: «Тақлид қилиш доноликни талаб қилади». Фильм муаллифлари Салим Хон ва Жавед Ахтар ҳам доноларча иш тутган, дейиш мумкин. Улар «Етти самурай» фильмидан икки самурайни, «Бир куни ёввойи Ғарбда»дан эса ёвуз қаҳрамонлар образини олишди.
Сценарий муаллифи Салим Хон дастлаб фильмни «Габбар» деб номламоқчи бўлди. Бунинг биринчи сабаби Габбар Сингх исмли персонаж бўлса, иккинчиси 1950-йилларда Гвалиор яқинидаги барча қишлоқлар аҳолисини саросимага солган худди шу номдаги жиноятчи эди. Габбар полициячилардан бирини қўлга олади ва унинг қулоқ-бурнини қисман кесиб ташлайди. Шу боис ҳам бу каллакесарни бошқа полициячилар учун хавфли деб ҳисоблашарди.
Сценарий тайёр бўлгач, Болливуднинг ҳеч бир кинокомпанияси ва режиссёри уни суратга олишга кўнмайди. Фақатгина Рамеш Сиппи сценарийни ўқиб чиққач, ўзига маъқул бўлган бу фильмни суратга олишга қарор қилади. Розилигининг сабаби шунчаки сценарий ёқиб қолганида эмасди. Гап шундаки, бу Ҳиндистонда илк жангари фильм эди ва Рамеш Сиппи биринчилардан бўлиб шу жанрга қўл ургани билан тарихда қолишни кўзлаганди.
Рамеш Сиппи Басанти ролига Хема Малинини таклиф қилади. Хема аввалига бир оз иккиланади, сабаби у фильмда бор-йўғи 5 та эпизодда кўриниш берарди, холос. Шунда Рамеш Сиппи Хема Малинига «фильм сен ҳақингда эмас» дея унинг полициячи Ткахур Сингх ва ёвуз Габбар тўғрисида эканини эслатади. Охир-оқибат ушбу фильм Хема Малинини Болливудда янада машҳур қилди («Зита ва Гита» 1972 йилда суратга олинган).
Режиссёр Рамеш Сиппи Дхармендра ва Санжив Кумарни фильмга таклиф қилгани учун бир умр афсусланишига тўғри келди. Сабаби, ўша пайтда «Зита ва Гита» фильмидан сўнг Хема Малини, Дхармендра ва Санжив Кумар ўртасида севги учбурчаги пайдо бўлган эди. Ва Рамеш Сиппи ўзи тасвирга олаётган янги фильмида бу уч қаҳрамон тўқнашувларининг олдини олишга мажбур бўлганди. Шу боис фильмнинг бирор жойида Санжив Кумар ва Хема Малини ўртасида диалоглар йўқ. Бу уч қаҳрамон биргина ўринда биргаликда кўриниш беради, лекин у ерда ҳам Хема Малини ва Санжив Кумарнинг диалоглари йўқ.
Дхармендра фильмда инспектор Ткахур Сингх ролини ижро этишни истаган, Вир образи унга умуман ёқмаганди. Аммо агар у инспектор ролини ўйнаса, Хема Малини кўпроқ Санжив Кумар билан бўлишини билгач, Вир ролига розилик берди.
Санжив Кумар эса ўзини кўпроқ Габбар Сингх образида кўришни истаган, лекин режиссёр уни бу ролга тасдиқламаган. Сабабини 1972 йилда экранларга чиққан «Зита ва Гита» фильмидаги образи орқали томошабинлар Санживни ёвуз ролда қабул қилмаслиги билан изоҳлайди. Айнан шу лойиҳадан сўнг режиссёр Рамеш Сиппи бу уч ижодкор – Хема Малини, Дхармендра ва Санжив Кумарни ҳеч қачон бирга тасвирга олмаган.
«Қасос ва қонун» фильмини суратга олиш даврида Амитабх Баччан ва Жая Бхадури турмуш қуришган эди. Жай роли учун бошқа номзодлар ҳам бор эди. Улардан бири актёр Шотругхан Сингх эди. Охир-оқибат, Дхармендранинг тавсияси билан режиссёр Жай образи учун Амитабх Баччан номзодига тўхталади.
Рамеш Сиппи бу фильмини ҳеч кимга таниш бўлмаган бир қишлоқда тасвирга олишга қарор қилади. Ва у Бангалор яқинидаги кичик Раманагаранинг қояли ҳудудини танлайди. Фильмда бу жой Рамгар шаҳри деб юритилган. Қишлоқда махсус уйлар қурилади, йўлларга асфальт ётқизилади, хуллас, тасвирга олиш учун қулай шароит яратишади. Фильмда 100 га яқин ижодкор меҳнат қилган.
«Қасос ва қонун» фильмининг суратга олиш ишлари 1973 йил 3 октябр санасидан Амитабх Баччан ва Жайя Бхадури образлари акс этган саҳна билан бошланган. Ва қарийб 2,5 йил давом этган. Фильм тайёр бўлгач, Ҳиндистонда цензурага оид қонун имзоланиб, кучга кирган эди.
Ва фильмнинг энг сўнгги қисмини қайтадан тасвирга олишга тўғри келди. Кинокартина ғояси бўйича Габбарни полициячи Тхакур Сингх ўзининг пойафзали билан ўлдириши керак бўлган, лекин цензура туфайли у Габбар Сингхни полиция қўлига топширади.
1979 йилда собиқ СССРда ҳам «Қасос ва қонун»нинг тақдимоти ўтказилган. Аммо цензура яна ўз кучини кўрсатади ва фильмнинг 40 дақиқаси олиб ташланади. Фильм бошидаги қамоқхона бошлиғининг Адольф Гитлер ҳамда Чарли Чаплин образидаги аҳмоқона кўринишлари фильмдан бутунлай олиб ташланади. Оқибатда «Қасос ва қонун» ҳақиқий жангари фильм бўлиб қолади.
Биринчи блокбастер 5 йил давомида Ҳиндистоннинг барча кинотеатрларида узлуксиз намойиш этилган. Жаҳон кино саноати тарихида “Қасос ва қонун” нафақат Ҳиндистонда, балки бутун дунёда катта шов-шувлар билан тақдим этилган фильм бўлиб қолди.
Насриддин Асриддинов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter