Театр санъатига қизиқувчи ёшлар кўпаймоқда
Президент ташаббуси билан илгари сурилган «Турон» мактаб театри республика танловида жорий йилда 85 100 та жамоа (680 800 нафар ўқувчи) рўйхатдан ўтди. Биринчи босқичидан ўтган жамоаларнинг 208 таси ҳудудий босқичида иштирок этиш ваколатига эга бўлди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика «Келажак» маркази томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танловда умумий ўрта таълим мактабларининг 6-10 синф ўқувчилари ўз мактаб жамоалари билан иштирок этишга кўзда тутилган.
Танловнинг ҳудудий босқичлари 1-10 апрель кунлари бўлиб ўтади. Бугун Андижон ва Навоий вилоятларида танловнинг ҳудудий босқичлари кўтаринки руҳда старт олди.
Жамоалар ҳудудий босқичида «Бизнинг мактаб» ҳамда «Театр – ибратхона» каби 2 та шарт асосида ўзаро беллашадилар. Бунда иштирокчи жамоалар миллий ва умуминсоний қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримизга мос, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарлардан спектакль кўринишида парчалар ижро этишади. Иштирокчиларнинг актёрлик маҳорати, саҳна ва нутқ маданияти, бадиий тафаккурига алоҳида аҳамият қаратилади.
Танловнинг ҳудудий босқичида жамоаларнинг чиқишларини одилона ва шаффоф баҳолаш мақсадида Тошкент шаҳридан ҳар бир ҳудудга 3 нафардан иборат ҳакамлар ҳайъати юборилмоқда. Ҳакамлар ҳайъати таркибида Лола Элтоева, Зуҳра Ашурова, Гулчеҳра Носирова, Александр Бекжонов, Турғун Бекназаров, Шоҳида Исмоилова, Баҳодир Нишонов, Меҳридин Раҳматов, Мунаввара Абдуллаева, Нодира Маҳмудова, Расулхон Қодирхонов, Барот Ҳасанов, Қаҳрамон Мадримов сингари устоз-санъаткорлар ўрин олган.
Шунингдек, ҳудудий босқич телекўрсатувтарзида ёзиб олинади ҳамда эфирга узатилади. Бу эса танловнинг ўқувчилар орасида янада оммалашишига ва қизиқишлари ошишига сабаб бўлмоқда.
Танловнинг республика босқичи июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Якуний босқичда биринчиликни қўлга киритган мактаб жамоаси хорижга таълим саёҳати йўлланмаси билан тақдирланади. Бундан аввалги йиллардаги мавсум ғолиблари Туркия ва Озарбайжон давлатларида таълим саёҳатида бўлиб қайтишган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter