11 сентябрь терактлари бўйича суд 2028 йилда бошланади
АҚШ ҳарбий суди 2001 йил 11 сентябрь терактларини ташкил этишда айбланаётган Холид Шайх Муҳаммад ва унинг уч нафар гумонланувчи шериги устидан суд жараёнини 2028 йил 5 июнга белгилади.
Прокуратура судни 2027 йил январда бошлашни сўраган эди. Бироқ судья дастлабки суд муҳокамалари, жумладан, қайси далиллардан фойдаланиш мумкинлиги бўйича баҳсларни ҳал қилиш учун кўпроқ вақт зарурлигини билдирган.
Ишдаги асосий баҳсли масалалардан бири гумонланувчилардан қаттиқ сўроқ усуллари ва қийноқлар қўлланган даврда олинган маълумотларни судда далил сифатида ишлатиш мумкин ёки мумкин эмаслиги билан боғлиқ. Бу масала йиллар давомида суд жараёнининг чўзилишига сабаб бўлиб келган.
Холид Шайх Муҳаммад 2003 йил 1 мартда Покистонда қўлга олинган ва кейинчалик Гуантанамо қамоқхонасига ўтказилган. У 11 сентябрь ҳужумлари режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни бошқаришда айбланмоқда.
2025 йилда апелляция суди Муҳаммад ва унинг икки шеригига айбини тан олиш эвазига ўлим жазосидан қутулиш имконини берувчи келишувни рад этган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter