9 ёшли болага жароҳат етказган ўсмирнинг онаси жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда Бектемир туманида 9-синф ўқувчиси 3-синф ўқувчисига тан жароҳати етказгани ҳақидаги хабар тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ қуйидагиларни маълум қилди.
Жорий йилнинг 4 октябрь куни тахминан соат 16.20 ларда вояга етмаган 2010 йилда туғилган С.А. Бектемир туманидаги 290-сонли мактабда вояга етмаган 2016 йилда туғилган Ф.А. билан ўзаро оғзаки гап талашиб қолган. Буни натижасида С.А. вояга етмаган Ф.А.ни велосипедда учиб кетаётган вақтида оёғи билан тепиб, Ф.А. юз қисми билан йиқилиб тушишига сабабчи бўлган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра вояга етмаган Ф.А.да “Юқори лаб ўнг томонлама шиллиқ қавати эзилиб йиртилган яраси, юқори жағ ўнг томонлама иккинчи тиши тўлиқ чиқиши, юқори жағ ўнг томонлама 1-тиши нотўлиқ чиқиши, бош пешона чап ёноқ чап лунж, чап елка камари, иккала кафт соҳалари, юмшоқ тўқималари лат ейишлари ва шилинмалари” жароҳатлари борлиги аниқланган. Ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, соғлиқни қисқа муддатга бузилиши олиб келган енгил тан жароҳатлари деб баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув жараёни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан шахсан назоратга олинган.
Ҳозирда вояга етмаган С.А.нинг онасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, мактаб маъмурияти ва ота-оналар билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилиб, келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли чоралар белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter