Аҳоли қарзлари ошди: Кредитлар асосан қайси соҳаларга ишлатилмоқда?
2026 йил 1 май ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 628,999 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга кўп.
Марказий банк маълумотларига кўра, энг катта улуш ҳануз саноат соҳаси ҳиссасига тўғри келади. Ушбу тармоққа ажратилган кредитлар ҳажми 137,5 трлн сўм бўлиб, умумий портфелнинг 22 фоизини ташкил қилди.
Бироқ саноат соҳасида қизиқ ҳолат қайд этилди. 2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 159,6 трлн сўм бўлган бўлса, бир йил ичида 14 фоизга қисқарган. Натижада саноат кредитларининг улуши ҳам 28 фоиздан 22 фоизга тушди.

Кредит портфелидаги энг йирик йўналиш жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келмоқда. Аҳолига ажратилган кредитлар қолдиғи 230,8 трлн сўмга етган ва умумий портфелнинг 37 фоизини шакллантирган.
Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ўсган. Натижада аҳоли кредитларининг улуши 34 фоиздан 37 фоизга кўтарилди.
Реал сектор тармоқларида ҳам ўсиш сақланиб қолмоқда. Қурилиш соҳасига ажратилган кредитлар 44 фоизга ошиб 20,8 трлн сўмга етди. Қишлоқ хўжалиги кредитлари 16 фоизга ўсиб 65,4 трлн сўмни ташкил қилди. Савдо ва умумий хизматлар соҳасида эса кредитлар ҳажми 47,4 трлн сўмга чиқиб, йиллик ўсиш 20 фоизни ташкил этди.
Шу жумладан, бошқа соҳалардаги кредитлар ҳажми 31 фоизга ўсиб, 87 трлн сўмга яқинлашган.
Моддий ва техник таъминотни ривожлантириш соҳасида кредитлар 23 фоизга кўпайган бўлса, транспорт ва коммуникация тармоғида ўсиш атиги 1 фоизни ташкил қилди. Уй-жой коммунал хизмати соҳасида эса кредитлар ҳажми 9 фоизга қисқарди.
Қайд этилишича, рақамлар кредит портфелида саноатнинг улуши камайиб, аҳоли, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилаётган маблағлар ҳажми ортиб бораётганини кўрсатмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter