АҚШ Сурия ҳудудига авиаҳужум уюштирди
20 декабрга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Сурия ҳудудидаги ИШИД (“Ислом давлати”) террорчи ташкилоти гуруҳига тегишли объектларга авиаҳужум йўллади. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет маълум қилган.
“Қирғий ҳамласи” деб аталган ҳарбий амалиётда қирувчи учоқлар ва жанговар вертолётлар иштирок этган. Суриянинг марказий минтақаларида жойлашган 70 га яқин объект – ИШИД жангарилари, шунингдек, инфратузилма ва қурол-аслаҳа омборлари ўққа тутилган. Ҳужум Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа маъмурияти билан келишилган ҳолда амалга оширилгани айтилмоқда. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ушбу ҳужумни қасос амалиёти деб атаган. Гап шундаки, жорий йил 13 декабрь куни Суриянинг Палмира шаҳрида Сурия ва АҚШ ҳарбийларининг биргаликдаги патрули пайти ИШИД жангариси томонидан ҳужум уюштирилган ва бунинг оқибатида икки америкалик ҳарбий ва бир таржимон ҳалок бўлганди. Шунингдек, бир неча ҳарбий жароҳатланганди. Ҳужум уюштирган жангари ўлдирилган. “Бу урушнинг бошланиши эмас, балки қасос амалиётидир. Биз ҳужумдан кейиноқ маълум қилганимиздек, агар сиз америкаликларга ҳужум қилсангиз, дунёнинг қайси нуқтасида бўлманг, қолган қисқа умрингизни хавотирда ўтказасиз, Қўшма Штатлар сизни таъқиб этади, топади ва шафқатсизларча ўлдиради”, – деб баёнот берган АҚШ мудофаа вазири. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам “Truth Social” платформасидаги расмий каналида Сурия ҳудудига уюштирилган ҳужумни “ўта жиддий қасос зарбаси” деб атаган.
Трамп Сурия “Ислом давлати” террор ташкилотига барҳам бера олса, келажаги порлоқ бўлишини қайд этган. Сиёсатчи, шунингдек, Суриянинг амалдаги раҳбари мамлакатга “буюкликни қайтариш” учун сидқидилдан ҳаракат қилаётганини айтган. Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Дональд Трамп жорий йил 10 ноябрь куни Оқ уйда Аҳмад аш-Шаръа билан учрашди.
Сурия ахборот вазири Ҳамза Мустафо учрашувдан сўнг Дамашқ АҚШ бошчилигидаги ИШИД террорчи гуруҳига қарши халқаро коалицияга қўшилганини маълум қилган. Сўнгги ойларда АҚШ бошчилигидаги коалиция Сурия ҳудудига бир қатор авиаҳужумлар уюштирди, ИШИДга қарши ерда ҳам амалиётлар ўтказди. Ушбу амалиётларда Сурия хавфсизлик кучлари ҳам қатнашган. Трамп илк президентлик даврида АҚШ ҳарбийларининг Сурияда бўлишини танқид қилган. 2018 йилда ИШИД устидан ғалаба қозонилганини эълон қилган ва Суриядан АҚШ қўшинини олиб чиқишга буйруқ берган. Айни пайтда Сурия ҳудудида 1000 га яқин америкалик ҳарбий мавжуд. Дарвоқе, президент Трамп жорий йил 16 декабрь куни АҚШ ҳудудига фуқаролари кириши ман этилган давлатлар рўйхатини кенгайтирди. 2026 йил 1 январдан амалга татбиқ этилган “қора рўйхат”га Сурия ҳам киритилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter