АҚШда кўча пойгасида қатнашган 6 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди
АҚШнинг Цинциннати шаҳри марказида кўча пойгаси ва хавфли автоманёврларга қарши рейд давомида 6 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди.
Маълум қилинишича, воқеа Paycor Stadium атрофидаги автотураргоҳда содир бўлган. Гувоҳлар айрим ҳайдовчилар автомашиналарда айланма ҳаракатлар – «донат» (машина ғилдирагини сирғалтириб айланиш) ва «бурнаут» (қаттиқ тезланиш манёврлари) қилганини айтган.
Стадион хавфсизлик хизмати полицияга бир нечта автомобиллар – Audi, BMW, Mustang ва Challenger русумли машиналар хавфли ҳаракатланаётгани ҳақида хабар берган.
Полиция операция вақтида дрондан фойдаланиб, ҳудудни ҳаводан кузатган ва чиқиш йўлларини назоратга олган. Шундан сўнг ҳайдовчиларнинг кетиб қолишига йўл қўйилмаган.
Натижада – А.Валиев, М.Эсенова, М.Забурова, Б.Ҳамидуллаев, Д.Нурматов ҳамда Т.Нурматовлар қўлга олинган.
Уларнинг барчасига хусусий ҳудудга ноқонуний кириш айби қўйилган. Темур Нурматовга эса қўшимча равишда кўча пойгасини ташкил қилиш бўйича ҳам айб эълон қилинган.
Судда барча гумонланувчилар айбни рад этган. Суд ҳар бири учун 2,5 минг доллар миқдорида гаров пули белгилаган.
Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, гумонланувчилар ҳозирча ҳибсда қолмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter