Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар оромгоҳларда бепул дам олиши мумкин
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоийлашувини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида янги ижтимоий лойиҳа йўлга қўйилди.
Лойиҳа доирасида барча ҳудудлардан 7–14 ёшли жами 1 295 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола касаба уюшмалари тизимидаги оромгоҳларда 12 кун давомида дам олади.
Болалар оромгоҳларда бошқа тенгдошлари билан биргаликда, бир хил шароитларда ҳордиқ чиқаради. Бу уларнинг жамиятга интеграциялашуви, дўстона муҳитда мулоқот қилиши ва ёрқин таассуротларга эга бўлишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳа иштирокчилари учун йўлланмалар ва дам олиш билан боғлиқ барча харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилмоқда.
Ҳозирги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 1062 нафар бола оромгоҳларга юборилиб, соғломлаштириш тадбирлари бошланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter