Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бўстонлиқда шамол электр станцияси ишга туширилди

Бўстонлиқда шамол электр станцияси ишга туширилди

Фото: Энергетика вазирлиги

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 20 МВт қувватга эга «Чорбоғ» шамол электр станцияси фойдаланишга топширилди.

20 август куни станциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Тзюнь, Савдо-саноат палатаси, энергетика ва қурилиш соҳалари вакиллари, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ масъул ходимлари, Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Хитой ҳукумати томонидан 28 миллион доллар миқдорида беғараз грант ажратилган.

Станцияда ҳар бири 5 МВт қувватга эга 4 та замонавий шамол турбинаси ўрнатилган. У йилига 50 миллион кВт·соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Бу ҳажм қарийб 20 мингта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашга етарли бўлиб, мамлакат энергетика тизими барқарорлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, шамол электр станциясининг ишлаши натижасида ҳар йили юз минглаб куб метр табиий газ тежалиши ва атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажмини камайтириш кутилмоқда.

Қайд этилишича, янги станциянинг ишга туширилиши Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, углерод изини камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги ишларига ҳисса қўшади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг