Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бойсундаги «М-25» кони: нефт сақланадиган ҳовузларни сел ювиб кетди

Бойсундаги «М-25» кони: нефт сақланадиган ҳовузларни сел ювиб кетди

Ижтимоий тармоқларда бир муддат олдин Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Жалоир маҳалласидан кесиб ўтган Сурхондарё дарёси ўзанида нефт маҳсулотига ўхшаш сув оқими оқиб ўтаётгани айтилган видеоматериал тарқалган эди.

Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ҳолат Бойсун тумани Кофрун маҳалласидан оқиб ўтувчи  Хангаронсой сойининг оқим бўйлаб чап томонида вақтинчалик ҳовузларда сақлаб келинган нефть маҳсулотларини сел оқимлари ювиб кетиши билан боғлиқ.

Ушбу ҳовузлар бурғулаш чоғида ер юзасига чиққан нефть хомашёси сойга оқиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг январь-февраль ойларида ERIELL Group компанияси томонидан тупроқдан дамба қилиш йўли билан барпо этилган эди. 

Уларда тўпланган нефть махсус техникалар ёрдамида ташиб кетилган.

«Жорий йилнинг 23 апрель куни Бойсун туманида рўй берган кучли ёғингарчилик натижасида Хангаронсой сойида сув кўпайиб, вақтинчалик дамбалардан сел-тошқин сувлари тошиб ўтган.

Натижада нефть аралашган сувлар Бандихон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бандихонсойга, у орқали Қумқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Сурхондарё дарёсига қуйилган», – дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, шу куннинг ўзида Кофурун маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойидаги бир нечта ҳовуз дамбалари ERIELL Group компанияси томонидан тикланиб, сувга нефть оқиб чиқиши тўлиқ бартараф қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввал вилоят экобошқармаси ҳам мазкур ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирган ва унда ҳолат «сел оқими давомида тоғ жинслари, табиий чўкиндилар ҳамда бошқа аралашмалар сув таркибига қўшилиши натижасида  унинг ташқи кўринишида кескин ўзгаришлар юзага келган»и билан боғланган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг