Бугун ёшлар нега айнан my.gov.uzни танлашмоқда?
30 июнь — Ўзбекистон ёшлари куни. Бу сана нафақат байрам, балки мамлакатимизда ёшлар учун яратилган имкониятларга яна бир бор назар ташлаш, уларнинг ҳаётини енгиллаштираётган замонавий ечимларни сарҳисоб қилиш учун ҳам муҳим саналади.
Сўнгги йилларда давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz миллионлаб фуқароларнинг кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Айниқса, вақтнинг ҳар дақиқасини қадрлайдиган, билим олиш, касб эгаллаш ва ўз келажагини барпо этишга интилаётган ёшлар учун портал шунчаки электрон хизматлар майдони эмас, балки таълим, ижтимоий ҳимоя, бандлик ва молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини бирлаштирган рақамли экотизим вазифасини бажармоқда.
Бугун my.gov.uz орқали ёшлар ўзларини қизиқтирган ўнлаб давлат хизматларидан уйдан чиқмаган ҳолда фойдаланишлари мумкин. Бу эса ортиқча қоғозбозлик, идорама-идора юриш ва вақт йўқотишнинг олдини олиб, барча жараёнларни тез, шаффоф ва қулай тарзда амалга ошириш имконини беради.
Таълим соҳасидаги имкониятлар айниқса ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Халқаро тил сертификатларини қўлга киритган иқтидорли ёшлар IELTS, TOEFL, CEFR ҳамда бошқа белгиланган халқаро имтиҳонларда юқори натижага эришган тақдирда, имтиҳон топшириш учун сарфланган харажатларини қоплаб бериш хизматига онлайн мурожаат қилишлари мумкин. Шунингдек, рақамли технологиялар соҳасида халқаро IT сертификатларини олган ёшларга улар сарфлаган маблағнинг 50 фоизигача бўлган қисми қоплаб берилади.
Олий ва профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун ҳам портал орқали бир қатор муҳим хизматлар йўлга қўйилган. Жумладан, тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар ва хотин-қизлар имтиёзли таълим кредити олиш учун электрон тарзда ариза юборишлари мумкин. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар эса касбий ва олий таълимдаги тўлов-контракт харажатларини қоплаш бўйича давлат кўмагидан фойдаланиш имконига эга.
Хорижда таълим олган ёшлар учун ҳам муҳим қулайлик яратилган. Улар дипломларини Ўзбекистонда тан олиш, яъни нострификация қилиш учун барча ҳужжатларни my.gov.uz орқали электрон шаклда тақдим этишлари мумкин.
Ёшларнинг меҳнат бозорига кириб келишини енгиллаштириш мақсадида ҳам бир қатор рақамли хизматлар ишга туширилган. Ишга жойлашиш жараёнида зарур бўладиган меҳнат стажи ва меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни бир неча сония ичида шакллантириб олиш имконияти шулар жумласидандир.
Порталнинг энг долзарб йўналишларидан бири — ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. "Ёшлар дафтари" доирасида эҳтиёжманд, ишсиз ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар қатор хизматларга электрон тарзда мурожаат қилишлари мумкин. Улар орасида сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадалини қоплаш учун моддий ёрдам, тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлаш учун асбоб-ускуналар ҳамда меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия, ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатларини қоплаш каби хизматлар алоҳида аҳамият касб этади.
Шунингдек, Work and Travel дастурларида иштирок этадиган талабалар учун ссуда ажратиш, ёш оилаларнинг турар жой ижараси харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш ҳамда "Ёшлар учун сафарбарлик чақируви резервида бепул хизмат" имконияти ҳам my.gov.uz орқали расмийлаштириладиган муҳим давлат хизматлари қаторига киради.
Бугун рақамли давлат хизматларининг асосий мақсади фуқароларнинг вақтини тежаш, давлат хизматларини инсонларга янада яқинлаштириш ва ҳар бир хизматни содда ҳамда очиқ шаклда тақдим этишдан иборат. Бу вазифани амалга оширишда my.gov.uz портали айниқса ёшларнинг энг ишончли рақамли ёрдамчиларидан бирига айланди.
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг барча шижоатли, билимга чанқоқ ва юксак мақсадлар сари интилаётган йигит-қизларини самимий табриклаймиз. Улар учун яратилган рақамли имкониятлардан самарали фойдаланиш эса муваффақият сари яна бир муҳим қадам ҳисобланади.
my.gov.uz — барча давлат хизматлари бир жойда!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter