Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда ўта ноёб жонзот йўқолиб кетиш хавфи остида

Ўзбекистонда ўта ноёб жонзот йўқолиб кетиш хавфи остида

Биз Африка саванналаридан олинган видеоларда кўриб ўрганганимиз чизиқли гиена Ўзбекистонда ҳам яшайди. Кўп эмас, CITES CoP20 доирасида бўлиб ўтаётган тадбирларда айтилишича, нари борса 30-40 тача чиқаркан. У ҳам бўлса фақат Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида учраши айтилди.

Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20)нинг 20-йиғилиши доирасида “Чизиқли гиена хавф остида” номли тадбир бўлиб ўтди. Ушбу сайд-ивент Ўзбекистон Республикаси томонидан Тожикистон Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилди ва чизиқли гиенани сақлаб қолиш бўйича зудлик билан чоралар кўриш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига бағишланди.

Маълумот учун: чизиқли гиена — экотизимларнинг асосий «санитарлари»дан бири бўлиб, касалликларнинг олдини олиш ва табиий мувозанатни сақлашда муҳим роль ўйнайди. Бироқ экологик аҳамиятига қарамай, бу тур глобал экологик кун тартибида етарлича ёритилмаган ва бутун ареали бўйлаб кучайиб бораётган хавфларга дуч келмоқда.

Тадбир қуйидаги йўналишлар бўйича мулоқот майдонига айланди:

— тур ҳолати бўйича янгиланган маълумотларни трансчегаравий ҳудудлар кесимида тақдим этиш;
— CITES ва кўчиб юрувчи турлар бўйича конвенция (CMS) каби халқаро ҳуқуқий механизмларнинг ролини муҳокама қилиш;
— IUCN Қизил рўйхатида чизиқли гиенанинг мақомини қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлаш ҳамда бу ишга ареал давлатларини, олимларни ва тегишли ташкилотларни жалб қилиш.

Мунозаралар давомида таъкидландики, ушбу турни глобал даражада қайта баҳолаш нафақат биохилма-хилликни сақлаш, балки зооноз касалликлар тарқалиш хавфини камайтириш учун ҳам зарурдир.

Иштирокчилар, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик истиқболлари, молиялаштириш имкониятлари ва чизиқли гиенани муҳофаза қилиш чораларини биохилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегияларга киритиш йўлларини кўриб чиқдилар.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, чизиқли гиена тўғрисида янги ёндашув — уни “тушунарсиз йиртқич” эмас, балки экотизимларнинг энг муҳим ҳамкори сифатида кўрсатиш — табиатни муҳофаза қилиш чораларини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи қадамдир.

Мутахассислар томонидан таъкидланишича, минтақада Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда кам сонли учрайдиган чизиқли гиенани кўриш жуда қийин. У ҳатто фотоқопқонларга ҳам тушмаган. Чизиқли гиенани шу вақтга қадар фақат маҳаллий аҳоли вакиллари учратган. Чорва боқиб юрган чўпонлар томонидан олинган видеолар ушбу тур юртимизда учрашини тасдиқлайди.

Чизиқли гиена учун асосий хавф ҳам айнан одамлар томонидан бўлмоқда. Боиси чизиқли гиена чорвага ҳуруж қилган тақдирда чўпонлар томонидан ўлдирилган ҳолатлар учраб туради. Мутахассислар ушбу вазиятнинг олдини олиш мақсадида чорваси талофотга учраган аҳолига компенсация тўлаш таклифини илгари сурдилар.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг