«Дада, қачон менинг хонам бўлади?». Уйсизлик синови ҳақида ҳикоя

Пойтахтда жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадон. Бу ерда қарийб 30 йилдан бери Ёқубовлар оиласи яшаб келади. Уч хонали бу уйда уч фарзанд улғайди. Ҳар бири ўқиб, касбли бўлиб, мустақил турмуш арафасига келди.
Биринчи ўғил — Баҳодир, отаси каби босиқ, ҳалол, бир сўзли. Унинг рафиқаси Севара тўрт йил аввал келин бўлиб тушган, қайнонасининг яқин кўмакчисига айланганди.
Иккинчи ўғил — Дониёр, ёшлигидан шўхроқ, лекин меҳнаткаш. Унинг рафиқаси Дилноза келин бўлиб тушганига ҳали кўп вақт бўлмаган, аммо у ҳам оилавий муҳитга мослашиб улгурганди.
Учинчи ўғил – Камолнинг оила қуриш вақти келганида муаммо таранглашганди. Унинг ҳам тенги топилган, никоҳ тўйи яқин... учинчи келин ҳам ўша уч хонали хонадонга тушиши керак эди.
Фарзандларини кетма-кет ўқитиш, тўйини қилиш ташвиши билан оила жамғарма орттиришга улгурмаган, янги бошпана сотиб олишга қурби етмасди. Ҳозирча уйнинг бир хонасида катта ака, иккинчисида ўртанчаси оиласи билан яшайди, меҳмонхонага ота-она жойлашган, Камол эса уйнинг балкон қисмида яшаб келади.
Кенжа уканинг тўйи олдидан Баҳодир жимгина нарсаларини йиғиштира бошлади.
– Қаерга, болам? — сўради онаси.
– Ойи, мен энди ўзим мустақил бўлишим керак. Ижарага чиқамиз. Жой тайёр.
Вазият шуни тақозо этарди. Баҳодир, Севара ва уларнинг жажжи фарзанди бир хонали уйда яшай бошлашди. Пойтахтлик бўла туриб ижарада яшаш ҳафсалани бироз пир қилади, лекин бошқа йўли йўқ. Севара ҳам энди ўзини эркинроқ ҳис қила бошлади, турмуш ўртоғини эрталаб ишига кузатади, фарзандига кўпроқ вақт ажратади.

Ижарадаги ҳаёт
Тошкент — орзу ва имкониятлар шаҳри. Лекин бу шаҳарда уй-жойли бўлиш орзусида яшаётган бутун бошли бир авлод бор эди.
Баҳодир ижарага чиққанида 2014 йил эди. У пайтларда Тошкентда ипотека деган тушунча қоғозда бор, амалда йўқ. Ишхонадан маош олар, лекин уни рўзғордан орттириб йиғиб, уй олиш – рўёдек эди. «Янги қурилган уйлар», «ипотекага сотилади», «фоизсиз бўлиб тўлашга уй» деган эълонлар у вақтда учрамасди.
Шундай шароитда минглаб, ўн минглаб ёш оилалар сингари Баҳодир ҳам ижарада яшашни тақдир деб билди.
Қизалоқлари Азиза «дада, қачон менинг хонам бўлади?» деган саволни ҳар ҳафта қайтаришдан чарчамасди. Бу орада у укалик ҳам бўлди.
Ижарадаги ҳаётнинг ўз ҳисоби бор. Ой бошида «ижара пули» деган мажбурият нафақат ҳамённи, балки келажакка бўлган ишончни ҳам эзади.
Бир гал Баҳодир рафиқасига ёрилиб қолди:
— Севара, худога шукр, ҳамма нарсамиз бор, лекин ўз уйимиз йўқ-да. Фарзандларимиз ҳам худди меҳмондек улғайишяпти...
Уй-жой масаласи жуда оғриқли эди. Пойтахтга вилоятлардан келиб, ишлаб, «прописка» муаммосини енгиб ўтиб, хонадонли бўлиш у ёқда турсин, шу ерда туғилиб-ўсганлар, ҳа, ўша пропискалиларнинг ҳам кўпчилиги уйсизликдан қийналишарди. Сабаби – йиллар давомида аҳоли кўпаяверган, лекин янги уйлар қурилмаган, тизимдаги адолатсизликлар муаммолар кўламини таранг бир аҳволга келтириб қўйганди.
Уйсизлик бу шунчаки бошпанасизлик эмас. Уйсизлик – ҳаловатни йўқотиш, эркинлик чеклови, болаларнинг ўйнаб-кулишига чеклов, меҳмон чақиришда бир қарор қилиб, минг ўйлаш дегани. Шу билан бирга, уйсизлик бир авлоднинг сабрини, матонатини синаган шафқатсиз мактаб ҳам бўлди.
Баҳодир ўз фарзандига қарайди. Унинг ҳаётида, балки янги уйлар қурилар, ипотека тизими осон бўлар. Лекин у билиши керак: отаси уйсизликни оилапарварлик билан енгди, ижарада ҳам рўзғорини ҳалол тебратди, бола тарбия қилди ва ҳеч қачон шикоят қилмади.
Умид эшиги
Вақт ўтиши билан вазият ўзгарди. Тошкентда биринчи марта кенг қамровли ва аҳолига мўлжалланган уй-жойлар қурилиши Сергели туманида бошланди.

2017 йилдан бошлаб бу туманда йирик кўпқаватли тураржой массивлари қурилиши авж олди. Илгарилари қаровсиз, ҳосилсиз бўлган жойлар замонавий шаҳарчага айланди.
Қурилиш тўлиқ инфратузилмани қамраб олди — уйлар билан бирга мактаблар, боғчалар, тиббиёт ва савдо марказлари, кўнгилочар ҳудудлар, транспорт йўлаклари барпо этилди. Сергели метро йўналишининг очилиши эса бу ҳудудни Тошкент маркази билан боғлади ва уни шаҳар ҳаётининг ажралмас қисмига айлантирди.
Сергелида қурилган уйлар аҳоли учун имтиёзли ва паст фоизли ипотека кредитлари асосида таклиф этилди. Бунинг энг муҳим жиҳати — дастлабки тўлов миқдори анча паст бўлгани, кредит муддати эса 20 йилгача белгиланганида эди.
Баҳодир каби ёш оилалар учун бу оддий хабар эмас, балки янги ҳаётга йўл очадиган умид эшиги эди.
У уч кун ухлай олмади. Ҳужжатлар, маълумотномалар, прописка, никоҳ қайди — ҳаммасини тўплаб, ҳокимликка югурди.
— Иложи борми, ака? — деди у масъул ходимга.
— Агар ҳужжатларингиз тўғри келса, ариза қабул қилинади. Талабгорлар кўп, ҳар бири синчковлик билан кўриб чиқилади, — деди у хушмуомалалик билан.
2018 йилнинг охирларида ёш оила танланганлар рўйхатига кирди. Кейинги йили у ўз номига битилган кўчмас мулк ҳужжатини қўлига олди...
Факт
Ўзбекистонда 25 йил ичида (1991—2016 йилларда) 113 мингта хонадонга мўлжалланган кўпқаватли уй қурилган бўлса, сўнгги 8 йил ичида (2017 йилдан 2025 йилгача) 500 мингдан зиёд хонадонга эга уйлар қурилди.

Ҳақиқатга айланган орзулар
Ушбу ҳикоя фақатгина бир оиланинг эмас, юртимиздаги минглаб оилалар тақдирининг аксидир. Сўнгги йилларда уй-жой сиёсати сўзда эмас, амалдаги муаммоларга реал ечим сифатида кўрилмоқда.
Айниқса, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида аҳолини уй-жой билан таъминлаш давлат эътиборидаги масалага айланди. Унга кўра, 2030 йилгача мамлакат бўйлаб 100 та «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши режалаштирилган. Бу массивлар аҳолиси кўп, лекин инфратузилма етишмайдиган туман марказлари ва шаҳар ҳудудларига яқин жойларда барпо этилади. Ҳар бир массивда камида 70 минг аҳоли учун тураржойлар, боғчалар, мактаблар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метр хонадон қурилади.

Яккабоғ туманидаги «Янги Ўзбекистон» массиви
Фото: Умид Нормуратов
Халқаро экспертлар жалб қилиниб, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегияси ишлаб чиқилади.
Ипотека бозорини ривожлантириш, уни аҳолининг турли қатламлари учун очиқ ва муносиб қилиш, даромади паст бўлган оилаларга субсидия, имтиёзли кредитлар тақдим этиш стратегиянинг устувор вазифаларидан бири саналади. 2025 йилнинг ўзида камида 70 мингта хонадон учун ипотека кредити тақдим этилади, шундан 30 минги учун кредитни бошланғич бадал учун бюджетдан субсидия тўлаб, даромади юқори бўлмаган оилаларга берилади.
Давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида уй-жой қурилишини кенгайтириш, хусусий секторни рағбатлантириш ва қурилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш орқали уй-жой соҳасида барқарор ўсишга эришилди.
Бу қиёсий таҳлил бир ҳақиқатни исботлайди: аҳоли учун уй-жой масаласи ечилмайдиган муаммо эмас экан. Агар бошланган ислоҳотлар тизимли ва шаффоф давом этса, келажакда «уйсиз авлод» эмас, «бошпанали ва бахтли» авлод ҳақида ҳикоялар ёзилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter