Футбол: Ўзбекистонда U-20 Жаҳон чемпионатини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилади
Президент Шавкат Мирзиёев 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтадиган футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этиш ҳамда Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси ва Осиё футбол конфедерациясининг нуфузли йирик мусобақаларини ўтказиш мақсадида тегишли қарорни қабул қилди.
Унга кўра, 2027 йилги футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (А.Арипов, раис) тузилади ва чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.
Ташкилий қўмитага қуйидаги вазифалар юклатилмоқда:
- Жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш бўйича масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
- ФИФА талабларига мувофиқ Жаҳон чемпионати ўтказиладиган объектларнинг инфратузилмасини яхшилаш, замонавий техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминлаш;
- Жаҳон чемпионати иштирокчиларининг Ўзбекистонга келиб-кетиши, уларга виза расмийлаштирилиши, транспорт, тиббий хизмат кўрсатиш ва волонтёрлик масалаларини мувофиқлаштириш;
- Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган ҳудудларни узлуксиз ва муқобил электр энергияси билан таъминлаш, ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
- Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган ҳудудларда футбол стадионлари, машғулот майдонлари ва меҳмонхоналарни тайёр ҳолатга келтириш.
Белгиланишича, Ташкилий қўмитага юқоридаги бандда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш доирасида Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ тезкор қарорларни қабул қилиш ваколати берилади.
Маълумот учун, 2025 йил 2 октябрь куни ФИФА Кенгаши томонидан футбол бўйича Жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter