Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий ривожланишга: камбағалликни қисқартиришнинг ўзбек тажрибаси

Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий ривожланишга: камбағалликни қисқартиришнинг ўзбек тажрибаси

БМТ маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 1 миллиард 100 миллион аҳоли камбағалликда умр кечирмоқда. Сўнгги йиллардаги дунё геосиёсий майдонида рўй бераётган турли зиддият ва кескинликлар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Айниқса, камбағал ҳамда ривожланаётган давлатлар бу борада жиддий синовларга дуч келмоқда. Мамлакат ва халқни бундай мушкул синовлардан кам талафот холда олиб ўта билиш ҳар бир давлат етакчисидан юксак закийлик ҳамда қатъий сиёсий ирода талаб этади.

Таъкидлаш муҳимки, мамлакатимизнинг ижтимоий давлат мақоми Конституцион норма билан мустаҳкамлангани, сўнгги йилларда аҳолини ижтимой ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатида устувор мақсадга айлангани ҳамда бу йўлда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон геосиёсий майдондаги мураккаб эврилишларга қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлмоқда.

Юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ижтимоий адолат таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли самарали ҳимоя қилинган жамият барпо этилаётгани халқаро миқёсда эътирофларга сазовор бўлмоқда.

Жумладан, 2025 йилнинг 4 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитида Ўзбекистон тажрибаси ривожланаётган давлатларда камбағалликка қарши курашнинг самарали намунаси сифатида тақдим этилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли тадбирдаги нутқида ижтимоий адолатни таъминлаш борасида муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, ривожланаётган давлатларнинг ижтимоий дастурларига ресурсларни кенг жалб этиш мақсадида камбағалликка қарши курашишнинг янги молиявий архитектурасини яратиш таклифини билдирди.

Саммитда Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда камбағалликка қарши амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг самаралари ҳақида ҳам тўхталиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги асосида – ягона тузилма орқали бирлаштирилган ижтимоий ҳимоя дастурлари ҳар бир хонадон ва оилани қамраб олгани натижасида охирги йилларда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқаргани ва бу ислоҳотлар давом эттирилишини таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан Қатардаги Бутунжаҳон саммитида билдирилган мақсадлар Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган бу галги Мурожаатномасида ҳам ўзининг амалий ифодаси топди.

Мамлакатнинг сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига ўтишини қайд этувчи стратегик ҳужжат сифатида эътироф этилаётган мазкур Мурожаатномада барча йўналишларда эришилиши зарур бўлган мақсадлар ва бу борада амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Мурожаатномада Ўзбекистон онгли равишда эҳтиёткорона, аммо стратегик жиҳатдан манфаатли йўналишни танлаб олгани алоҳида қайд этилган. Унда акс этган барча мақсадлар тизимли таҳлиллар натижасида аниқланган, пухта ўрганилган масала ва муаммоларни тўлиқ қамраб олган.

Эътиборли томони, ушбу стратегик дастурда бандлик, даромад, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, адолат ва давлат бошқаруви самарадорлигига асосий эътибор қаратилган.

Хусусан, юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушгани, кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилгани ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берилгани натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқиб, ишсизлик
2 карра қисқаргани эътироф этилди.

Шунингдек, Мурожаатномада 2026 йилда 1 миллион одамни доимий иш билан таъминлаб, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга тушириш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш стратегик мақсад сифатида кўрсатилган.

Бу эса, шубҳасиз, камбағалликка қарши курашни давлат стратегиясининг истиқболдаги асосий йўналишига айланишини, бу борада аҳоли даромадларини ошириш, янги иш ўринлари очиш, ижтимоий ҳимояга оид дастурлар ва ислоҳотларнинг тизимли давом эттирилишини англатади.

Таъкидлаш мумкинки, аҳолининг барқарор иш ва даромад манбаига эга бўлиши мамлакатдаги ижтимоий фаровонликни таъминлашнинг асосий омили ҳисобланади. Шу маънода, Мурожаатномада кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари қайд этилгани айнан ушбу мақсадларга эришишни назарда тутувчи вазифалар ҳисобланади.

Бу борада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсати давом эттирилиб, 2026 йилда асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз қолдирилиши; тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши; кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилиши қайд этилган.

2026 йилда “маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси орқали 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш мақсадида 5 триллион сўм кредит берилиши ва кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми Тадбиркорлик компаниясидан қоплаб берилиши белгиланди.

Мурожаатномада бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 400 миллиард сўм йўналтириш орқали маҳаллаларда 100 мингта янги иш ўрни яратилиши қайд этилган.

Умуман олганда, Президентимиз бу галги Мурожаатномасида таъкидлаганидек, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш масаласи умуммиллий ҳаракатга айланди.

Айниқса, Президентимизнинг 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилиш таклифи ижтимоий ҳимоя йўналишидаги ислоҳотларнинг юрт тараққиёти билан ҳамнафас ҳолда, ҳар бир маҳаллада манзилли шаклда амалга ошишидан далолат беради. Мурожаатномада таъкидланганидек, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади.

Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг