Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Илк бор 2,4 млрд долларлик давлат активларининг 30 фоизи халқаро бозорга чиқади – Президент

Илк бор 2,4 млрд долларлик давлат активларининг 30 фоизи халқаро бозорга чиқади – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 24 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида иқтисодий кўрсаткичлар ва янги ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.

Давлат раҳбарига кўра, май ойида 2 миллиард 400 миллион долларлик давлат активларининг 30 фоизи илк бор халқаро фонд бозорларига чиқарилади.

«Бу Миллий инвестиция жамғармасини ташкил қилиб, 13 та стратегик корхона бошқарувини нуфузли «Franklin Templeton» компаниясига берганимиз учун бўляпти», – деди Президент.

Йиғилишда биринчи чорак натижалари ҳам маълум қилинди. ЯИМ 8,7 фоизга, саноат 8 фоизга, хизматлар 16,1 фоизга ўсган. Экспорт ҳажми 5,8 миллиард долларга, хорижий инвестициялар 13,7 миллиард долларга етган. Инфляция эса йиллик ҳисобда илк бор 7,1 фоизгача пасайган.

Шу билан бирга, бюджет даромадлари 35 фоизга ўсиб, 103 триллион сўмни ташкил этган. Маҳаллий бюджетларда қўшимча 2,2 триллион сўм шаклланган бўлиб, унинг 1,4 триллиони туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолган.

Президент сўзларига кўра, мамлакат иқтисодиёти халқаро даражада ҳам ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботида Ўзбекистон юқори иқтисодий фаоллик орқали барқарор ўсишни сақлаб қолаётгани қайд этилган.

Шунингдек, мамлакат илк бор «Иқтисодий эркинлик индекси»да «иқтисодиёти мўтадил эркин» давлатлар қаторига кирди. Президент айрим соҳаларда самарадорлик пастлигини танқид қилиб, «айримлар ҳали ҳам уйғонмаган»ини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг