Исроил Ғазодаги вазиятни янада оғирлаштирувчи қарор қабул қилди
Исроил 2026 йил 1 январдан эътиборан Ғазо секторидаги 37 та гуманитар ташкилот фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Тель-Авив ҳукумати ушбу нодавлат ташкилотлар хавфсизлик ва шаффофлик стандартларига риоя қилмаётганини даъво қилган.
Буюк Британия, Франция каби ўнга яқин етакчи давлатлар эса Исроилни ушбу бир томонлама қарорни бекор қилишга чақирган.
Исроил маъмурияти гуманитар ташкилотларга 1 мартга қадар Ғазони бутунлай тарк этиш шартини қўйган. Қора рўйхатга киритилган нодавлат ташкилотлар орасида “Чегара билмас шифокорлар”, Handicap International, Oxfam, CARE, Норвегия инсон ҳуқуқлари кенгаши каби тузилмалар бор.
Қайд этилишича, Исроил ҳукумати инсонпарварлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлардан ходимларига оид шахсий маълумотларни талаб қилган. Улар эса ушбу талаб халқаро ҳуқуққа зид экани, боз устига, ходимлар ҳаётини хавф остида қолдиришини айтган.
Исроил халқаро нодавлат ташкилотлар ходимлари террорчиларга алоқадорлиги борасида ҳам иддаони илгари сурган.
Буюк Британия, Франция, Канада, Дания, Финляндия, Исландия, Япония, Норвегия, Швеция, Швейцария каби мамлакатлар Исроилнинг гуманитар ташкилотлар фаолиятини чеклаш қарорини қоралаган. Қўшма баёнотга кўра, Ғазо секторида инсонпарварлик фаолияти билан шуғулланаётган тузилмалар фаолиятига тўсқинлик қилиш номақбул ҳол бўлиб, улар эмин-эркин ишлашига шароит яратиш лозим.
“Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти ҳам янги чеклов Ғазо секторидаги ўзи шундоқ издан чиққан соғлиқни сақлаш хизматига ҳалокатли таъсир этишидан огоҳлантирган.
“Исроилнинг Ғазо секторидаги гуманитар ташкилотлар фаолиятини тўхтатиш режаси минтақага ўта муҳим кўмак тўхталишини англатади”, – деган Европа Иттифоқи гуманитар миссияси раҳбари Ҳажа Лаҳбиб.
Ушбу қарорни кескин танқид қилган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Ғазодаги оғир вазият янада оғирлашиши ҳақида бонг урган.
Аввал хабар берганимиздек, сўнгги кунларда кучли ёмғир ва совуқ ҳаво сабаб Ғазо секторидаги гуманитар вазият янада қалтислашди. Етакчи давлатлар қўшма баёнот билан чиқиб, 740 минг киши оқова сув босиш хавфи остида экани, 1,3 миллион аҳоли тураржойга муҳтож эканини маълум қилди.
Гуманитар вазият мушкуллашаётган бир пайтда Исроил кучлари ҳужуми оқибатида болалар ҳалок бўлиши давом этмоқда. Шунингдек, очлик, совуқ об-ҳаво туфайли ҳам ўлимлар қайд этилмоқда.
Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан кейин, икки йил давомида камида 70942 нафар фаластинлик ўлдирилди. 2025 йил 10 октябрь кунги оташкесим битимидан кейин ҳам Исроил ҳужуми оқибатида 400 дан зиёд фаластинлик ҳалок бўлган.
Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Исроил томонидан Ғазо секторида олиб борилаётган урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар “XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган” деган хулосага келган.
2025 йил сентябрь ойи БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter