Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

IV «Бизнесда ҳалоллик» халқаро форумида долзарб муаммолар ўрганилди

IV «Бизнесда ҳалоллик» халқаро форумида долзарб муаммолар ўрганилди

фото:@biznes_ombudsman

Бугун пойтахтимизнинг «Hilton» меҳмонхонасида Бизнес-омбудсманлар ва IV «Бизнесда ҳалоллик» халқаро форуми бўлиб ўтди. Тадбир Коррупцияга қарши курашиш ҳафталиги доирасида ўтказилиб, у Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Конрад Аденауэр номидаги жамғарма, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда бошқа йирик халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.

Форум турли мамлакатларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтлари, давлат идоралари, бизнес вакиллари ва экспертлар учун тажриба алмашиш, тизимли муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда ҳалол бизнес амалиётларини илгари суриш учун самарали платформа бўлди. Тадбирда 10 га яқин мамлакатдан 250 нафар иштирокчи қатнашди.

ИҲТТ томонидан Бизнес-омбудсман институтлари фаолияти юзасидан олиб борилган тадқиқот натижалари тақдим этилди. Унда омбудсманларнинг мандати, ваколатлари ва уларнинг ҳалоллик маданиятини шакллантиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.

«Тадбиркорлар шикоятлари: Бизнес-омбудсмани ва бошқа ҳимоя механизмлари» мавзусидаги 2-сессияда корхоналарнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганда, шу жумладан коррупция ҳолатларида, самарали мурожаат каналларини яратишдаги муаммо ва ечимлар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Бизнес-омбудсмани ўринбосари Жамшид Уруновнинг   таъкидлашича, дунё бўйлаб бизнес-омбудсман институтлари тадбиркорларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш ва хусусий сектор манфаатларида манзилли қарорлар қабул қилинишига хизмат қилмоқда.

Форумнинг учинчи сессияси «Давлат ва бизнес ҳамкорлиги — коррупцияга қарши курашишда ҳал қилувчи омил» мавзусига бағишланди. Унда давлат ва хусусий секторда коррупцияга қарши курашиш дастурларини жорий этиш, халқаро стандартлар ва илғор тажрибалар муҳокама қилинди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии хоним шундай деди: «Бугунги мақсадимиз — коррупцияга қарши курашишда жавобгарлик ва олдини олиш чораларини уйғунлаштириш, барча корхоналар, жумладан кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун мутаносиб, адолатли риоя этиш тизимини кенгайтириш, ҳалолликни Ўзбекистон бозорида ҳақиқий рақобат устунлигига айлантиришдан иборат.»

Тадбирда «Тадбиркорларнинг виртуал офиси» тизими ҳам тилга олинди. Бу платформа тадбиркорларнинг шикоятларини кўриб чиқиш жараёнини рақамлаштириш натижасида яратилган бўлиб, уларга 24 соат давомида мурожаат ва таклиф юбориш имкониятини беради.

Бизнес-омбудсман девони бош инспектори Гулжамол Шукурова маълумот беришича, 2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра порталга 6903 та мурожаат ва 7 898 та савол келиб тушган.

«Платформанинг асосий моҳияти — тадбиркор билан давлат органи ўртасида ишончли кўприк яратишдир. Масалан, тадбиркор бирор рухсат ҳужжатини олишда қийналса, Виртуал офис орқали мурожаат юборганидан сўнг, унинг аризаси ижроси бўйича назорат йўлга қўйилади. Бизнес-омбудсман ходимлари мурожаатнинг ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини доимий мониторинг қилади»,  — деди Г.Шукурова.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини кўриб чиқишда қонунбузарликка йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 67 та маъмурий баённома расмийлаштирилган, тегишли идораларга 4 та тақдимнома юборилган.

Мурожаатлар натижасида тадбиркорларга 14,1 миллиард сўм кредит ажратилишига, 9,2 миллиард сўм маблағ ундирилишига, шунингдек, 4,5 миллиард сўм асоссиз тўланган солиқларни қайтаришга кўмаклашилган.

Форум доирасида «Давлат ва хусусий ташкилотларда коррупцияга қарши комплекс дастурларни ишлаб чиқиш: стандартлардан амалиётга», «Бизнесда ҳалолликни рағбатлантириш ва илгари суриш механизмлари: ахлоқий амалиётларни таъминлаш учун стимуллар» мавзусидаги муҳокамалар қизғин тус олди.

Тадбир якунида Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши курашиш Хартиясига янги аъзоларни қўшиш маросими ўтказилди. 

Маълумот учун: Ўзбекистонда Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан «Бизнесда ҳалоллик» форуми 2021 йилдан буён мунтазам ташкил қилинмоқда.

Б.Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг