Жиззахда аянчли ЙТҲ содир бўлди: 5 киши ҳалок бўлган
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни соат 23:50 лар атрофида, Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган М-39 «Тошкент-Термиз» йўлининг 989 км.да аянчли ЙТҲ содир бўлди.
Расмий маълумотда келтирилишича, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида истиқомат қилувчи 2003 йилда туғилган ҳайдовчи «ISUZU» русумли юк автомашинаси Самарқанд йўналишида жойлашган автомашиналарга газ қуйиш шохобчасидан чиқаётган вақтда ушбу қисмда ўрнатилган 2.4 «Йўл беринг» ва 4.1.2 «Ҳаракатланиш ўнга» йўл белгиси талабларига бўйсунмасдан, белгиланмаган жойдан Тошкент йўналишига бурилиш учун йўлнинг қатнов қисмига чиққан. Натижада эса Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшаган 2002 йилда туғилган ҳайдовчи «Ласетти» русумли автомашинаси билан тўқнашув содир этган.
ЙТҲ оқибатида «Ласетти» русумли автомашинанинг двигатель қисмидан ёнғин келиб чиқиб, автомашина тўлиқ ёниб кетган. Енгил турдаги автомашина ҳайдовчиси ҳамда транспорт воситаси салонида бўлган 4 нафар йўловчилар турли хил тан жароҳатлари олиб воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят кодексининг 266-моддаси учинчи қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter