Касбий таълим муассасалари ўқувчиларининг экологик билимлари синовдан ўтказилди
25–28 март кунлари Бухоро вилоятида “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” кўрик-танловининг касбий таълим муассасалари жамоалари ўртасидаги финал босқичи бўлиб ўтди.
Танлов Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилди. Унда жамоалар 4 шарт бўйича беллашди.
1-шартда (“Бу бизнинг ҳудуд”) иштирокчилар ўз ҳудудларининг экологик ҳолати, экомаданияти, пикник маданиятлари, ҳудуд экологиясини яхшилашга доир амалга оширилаётган ишлар, ёшларининг экологияга бўлган муносабатини очиб беришди. Иккинчи шартда эса (“Интеллектуал ринг”) жамоа аъзолари 3 дақиқа ичида экологик, ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий йўналишлардаги л0 та саволга жавоб беришди.
Шунингдек, 3-шартда (“Экология учун барчамиз масъулмиз!”) иштирокчилар республикамиз экологиясини асраб-авайлаш, ёшлар орасида экомаданиятни тарғиб қилиш, плоггинг, иқлим ўзгаришлари, дарахт экиш ҳамда сув муаммоларига қаратилган лойиҳаларини ибратли саҳна кўринишлари орқали кўрсатиб беришди. 4-шарт эса (“Энг яхши экологик лойиҳа”) республика миқёсида экология соҳасини ривожлантириш, ёш экологлар сонини кўпайтиришга эришиш, экология йўналишидаги инвестицияларни жалб қилиш, экология салоҳиятини кенгайтириш борасидаги таклиф ва лойиҳаларга бағишланди.
Якунда Навоий вилоятининг «Ecoline» жамоаси 1-ўринни, Қорақалпоғистон Республикасининг «Қоратол» жамоаси 2-ўринни, Тошкент вилоятининг «Замин» жамоаси эса 3-ўринни эгаллади. Ғолиблар муносиб тақдирланди.
Маълумот учун, “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” кўрик-танлови ёшларнинг экологик-ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллий ҳуқуқ тизимига ҳурмат муносабатини шакллантириш, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларига нисбатан ҳуқуқий иммунитетини шакллантириш, қонун бузилиши ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотиш мақсадида 2025 йилдан бошлаб ҳар йили январь-март ойлари давомида ташкил этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter