Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Медиатрансфер: Журналистлар «кўчиб» юрибди, таҳририят нега фойда кўрмайди? (1-мақола)

Медиатрансфер: Журналистлар «кўчиб» юрибди, таҳририят нега фойда кўрмайди? (1-мақола)

Бундан бир неча йил олдин «Kun.uz» интернет нашри бош муҳаррири (ўша пайтда юристи) Дилшод Абдуқодиров билан кадрлар масаласида суҳбатлашган эдик. Ўшанда «спортда трансфер бор, нега журналистикада бу имкониятдан фойдаланилмайди?» деган саволни ўртага ташлагандим. Ҳамкасбимиз ҳам ўшанда буни амалиётга қўллаб кўриш тарафдори бўлганди.

Орадан анча вақт ўтди, аммо ҳали-ҳануз ходим «трансфер» қилинса, у ишлаган таҳририят ҳам улуш олишга ҳақлими, деган савол мени қийнайди. Табиий, таҳририят раҳбари сифатида бу каби саволларга жавоб излаб кўрдим.

Барчага аён: футбол оламида трансферлар — бу катта бизнес, стратегия ва масъулият. Агар бирор клуб ўз академиясида иқтидорли футболчини етиштирса, унинг трансферидан миллионлаб даромад кўради. Бу пуллар эса янги авлодни тайёрлашга сарфланади.

Жаҳон журналистикасида ҳам худди футболдаги каби «трансфер бозори» мавжуд бўлиб, бу жараён  истеъдодлар учун кураш (war for talent) деб аталади. ОАВ оламида таниқли журналистларнинг бир нашрдан иккинчисига ўтиши катта шов-шувларга ва баъзида миллионлаб долларлик шартномаларга сабаб бўлади.

Юлдузли «трансфер»лар ва рекорд шартномалар

Ғарб медиасида юқори рейтингли бошловчилар ва инсайдерлар худди футболчилар каби «сотиб олинади». Бунга энг ёрқин мисол — Фабрицио Романо. У ўзининг «трансфер инсайдери» сифатидаги обрўси туфайли Sky Sports, The Guardian, CBS каби медиа гигантлар билан ҳамкорлик қилади ва GIVEMESPORT билан йирик шартнома имзолаган.

Телевидение йўналишида эса АҚШдаги Эдриан Вожнаровски каби спорт инсайдерларининг Yahoo Sportsдан ESPNга ўтиши медиа оламида «йил трансфери» сифатида баҳоланган. Британияда таниқли журналистларнинг BBCдан тижорий каналларга (масалан, LBC ёки GB News) ўтиши кўпинча маошнинг сезиларли даражада ошиши ва йирик «трансфер» сифатида талқин қилинади.

 «Агентлар» ва шартнома шартлари

Худди футболдаги каби, журналистларнинг ҳам ўз агентлари мавжуд. Улар журналист ва нашр ўртасидаги шартномада қуйидаги муҳим бандларга алоҳида эътибор қаратишади:

  • Эксклюзивлик: Журналистнинг бошқа нашрлар билан ҳамкорлик қилиш ёки лойиҳаларда кўриниш бериш ҳуқуқини белгилаш;
  • Рақобатлашмаслик шарти (Non-compete clause): Журналист ишдан кетганидан сўнг маълум муддат (масалан, 6 ой) давомида рақобатчи нашрларда ишлай олмаслиги. Бу жараён футболдаги «мажбурий танаффус» тизимига ўхшайди;
  • Бренд ҳуқуқи: Журналистнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари ва «муаллифлик рукнлари»га бўлган эгалик ҳуқуқининг тақсимланиши.

ОАВда «Poaching» — истеъдодларни ўғирлаш

Бу термин бир нашр иккинчисининг энг яхши ходимини «ўзига оғдириб олиши»ни англатади. Масалан, The New York Times ёки The Athletic каби нашрлар тез-тез кичикроқ ёки маҳаллий газеталарнинг энг иқтидорли мухбирларини ўз сафига қўшиб олади. 

Хўш, журналистнинг «Трансфер қиймати» нима билан ўлчанади?

Агар футболчида бу борадаги ўлчовлар голлар ва паслар билан ўлчанса, журналистда:

  • Аудитория (фолловерлар): унинг ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилари сони;
  • Инсайдлар манбаси: журналистнинг эксклюзив маълумот олиш имконияти;
  • Ишончлилик: унинг хабарлари қанчалик ҳақиқатга яқинлиги.

Ўзбек медиа-муҳитида ҳам ўзига хос «трансфер бозори» бор: журналистлар бир нашрдан иккинчисига «кўчиб» юриши оддий ҳолга айланган. Аммо миллий медиамизда трансфер жараёни футболдагидек пуллик (бир нашр иккинчисига пул тўлаши) кўринишда эмас, балки кўпроқ «кадрлар оқими» шаклида кечади. Лекин бу «трансфер йўқ» дегани эмас, шунчаки у бизда бошқача ишлайди.

«Локомотив» нашрлар ва «Академиялар»

Мамлакатимизда трансферлар кўпинча икки йўналишда бўлади:

  • «Академиялар»: Масалан, Gazeta.uz, Kun.uz, Daryo.uz ва Xabar.uz сингари интернет нашрлар кўплаб ёш журналистлар учун мактаб вазифасини ўтади ва ўтамоқда. У ерда ном қозонганлар кейинчалик давлат ташкилотларининг матбуот хизматларига ёки янги очилган хусусий лойиҳаларга «трансфер» қилиниши мумкин.
  • «Давлатга трансфер»: Бу ўзбек медиасининг энг катта ўзига хослиги. Энг кучли журналистлар кўпинча бошқа нашрга эмас, балки матбуот котиби лавозимига ўтади. Бу журналист учун маош ва мавқе жиҳатидан «олтин трансфер» ҳисобланади.

Шахсий бренд трансфери

Сўнгги йилларда журналистнинг ўзи эмас, унинг аудиторияси трансфер бўлмоқда. Масалан, маълум бир таниқли блогер ёки журналист бир каналдан иккинчисига ўтса, у ўзи билан бирга минглаб обуначиларини ҳам бошлаб боради. Бу худди Мессининг «Интер Майами»га ўтиб, клубнинг Instagram кузатувчиларини бир кунда миллионларга кўпайтирганидек гап.

Нега бизда «трансфер суммаси» йўқ?

Футболда футболчи клуб мулки ҳисобланади (шартнома тугагунча). Бизда нашрлар тайёр юлдузни «трансфер пули» тўлаб сотиб олишдан кўра, янгисини нолдан тарбиялашни арзонроқ деб билишади. Лекин танганинг иккинчи томони бор: тарбияланган кадр маълум даражага чиққач, аввал келишилган маошга қаноат қилмай қолади ва табиийки, «ёғлироқ» жойдан иш қидиради. Натижада, трансфер бозори шаклланмаган муҳитда нашрлар доимий равишда ўз «актив»ларини текинга бой беришда давом этаверади.

Норасмий «агентлар»

Ўзбекистонда журналистларнинг расмий агенти йўқ, лекин «таниш-билиш» ва «тавсия қилиш» тизими агентлик вазифасини бажаради. Бир нашр раҳбари кадрлар бошлиғига: «Фалончи зўр ёзяпти, келинг, уни бизга чақирайлик, маошини икки баробар қиламиз», дейиши — бу яширин трансфер бозоридир.

«Миграциялар»

Бунга сўнгги йилларда нодавлат телевидениеси ходимларининг давлат телевидениесига ёки Gazeta.uz бош муҳаррири ўринбосарининг Daryo.uzга, мустақил нашрлардан вазирлик ва ҳокимликларга «юлдуз» кадрлар ўтишини мисол сифатида айтишимиз мумкин.

Юқорида қайд этганимиздек, мамлакатимизда журналист кадрлар трансфери бор, лекин у молиявий битим эмас, кўпроқ обрў ва имкониятлар алмашинуви асосига қурилган. Бу ҳолат эса журналистикада энг оғриқли мавзулардан бири — «тайёр кадрни олиб қочиш» (poaching) дейилади.

Таҳририят — бепул «инкубатор» эмас

Ёш, ҳали қалами чархланмаган кадрни ишга олиш — бу таваккал ва катта инвестиция. Таҳририят раҳбари ва тажрибали муҳаррирлар унга вақтини, асабини ва йиллар давомида йиққан тажрибасини беради. Уни «одам қилиш» учун ойлаб меҳнат қилинади. Журналист эндигина «пишиб», ўз аудиторияси ва услубига эга бўлганида эса саҳнага «тайёрига айёр» рақобатчилар чиқади. Биргина қўнғироқ ёки ижтимоий тармоқдаги хабар:  «Бизга ўт, маошингни икки баробар қиламиз». Ва тамом. Сиз етиштирган иқтидор эртаси куни бошқанинг «боғида» мева беришни бошлайди. Бу соғлом рақобатми ёки «медиа браконьерлик»?

Этиканинг «офсайд» ҳолати

Таҳририятлар ўртасида кадр алмашинуви бўйича ёзилган бирор қоида ёки одоб кодекси йўқ. Рақобатчи нашр ходимингизни ишга олишдан олдин сизга қўнғироқ қилиб, «қарши эмасмисиз?» деб сўраши – биз учун афсонадек гап. Бу худди бировнинг ҳовлисидаги мевани рухсатсиз узиб кетишга ўхшайди. Натижада, кадр тайёрлайдиган «мактаб» таҳририятлар доимий донор бўлиб қолаверади, «мактабсиз» нашрлар эса бошқаларнинг меҳнати ҳисобига кун кўради.

Хулоса ўрнида

Журналистнинг эркинлигини чеклаб бўлмайди, лекин таҳририятнинг меҳнати ва сарфлаган инвестициясини ҳам ерда қолдириш адолатдан эмас. Нега бизда «трансфер» тушунчаси фақат ходимнинг кетишини англатади?

Абдуғани Абдураҳмонов

Эслатма!

Кейинги мақоламизда: Кадрларни «ўғирлаш» нашрларга аслида қанчага тушаётгани ва «бепул трансферлар»нинг иқтисодий зарарлари ҳақида таҳлилий рақамларни келтирамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг