Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навоийда блогернинг ёлғони ва асоссиз хабари қимматга тушди

Навоийда блогернинг ёлғони ва асоссиз хабари қимматга тушди

Навоий шаҳрида блогер А.Р. тун ярмида бўлаётган ҳолатни ўрганмай ва аниқламай туриб тасвирга олган ҳамда инстаграм тармоғига жойлаштирган.

Блогер тақдим қилган видеода тун ярмида йўлнинг қатнов қисмида эрининг «тўхта!» ишорасига ҳам қарамай, жонҳолатда югуриб бораётган аёл кўринади.

Навоий вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, блогер ўз обуначилари сонини кўпайтириш ва лайк йиғиш мақсадида бир оиланинг шахсий муаммоларини омма олдига олиб чиққан.

Мазкур пост инстаграм тармоғига жойлаштирилгандан сўнг фойдаланувчилар ўртасида муҳокамалар авж олиб кетган. Ҳатто, аёлга эри томонидан суиқасд қилинган, деган асоссиз ҳамда ёлғон хабарлар ҳам тарқалган.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 18 март куни тунда эр-хотин — У.М. ҳамда Ш.Д.лар ўзларига тегишли автомашинада уйига қайтаётиб, ўзаро жанжаллашиб қолишган. Аёл жаҳл устида машинадан тушиб, йўлнинг қатнов қисмидан югуриб кетган.

– Аёлим билан бирга кетаётган эдик. Тортишиб қолдик. Тўхта, дейишимга қарамай, аёлим машинадан тушиб, югуриб кетди. Орқасидан тушиб, уриб ёки унга тан жароҳати етказганим йўқ. Айни ўша пайтда ёнимиздан А. исмли блогер ўтиб қолган экан. У бизни видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаган. Бу билан оиламиз шаънига путур етказган, - дейди У.М.

Шундан сўнг оила зудлик билан блогер устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Блогер эса  ижтимоий тармоққа телефон рақами ҳам қўйилгани, ушбу пост орқали муҳокамалар кучайган пайтда бир фуқаронинг қўнғироқ қилиб, «ҳақиқатан бу аёл ўлди», - деган гапларига ишониб қолганини билдирган.

– Хатоимни англаб етдим. Мен тезкорлик ортидан қувиб, ҳолатни тўлиқ ўрганмадим. Бу орқали бир оиланинг шахсий ҳаётига аралашиб, уларга маънавий зарар етказганимни энди тушундим. Бунинг учун узр сўрайман ва бошқаларга ҳам шошма-шошарлик билан ахборот тарқатмасликни тавсия қиламан. Қилган хатти-ҳаракатимдан пушаймонман, - дейди блогер.

Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўрганишлар олиб борилган ва блогернинг хатти-ҳаракатига суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилган. 

Ҳолатни аниқлаштирмай, унга ойдинлик киритмай,  ижтимоий тармоққа тарқатган блогер йигитга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 202-2-моддаси, 1- қисми билан БҲМнинг 50 баравари миқдорида, оилавий муаммосини рўкач қилиб, жамоат тартибини бузган эр-хотинга нисбатан эса БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг