«Наврўз садолари» XII халқаро фестивали бошланди
Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройида «Наврўз садолари» миллий чолғулар кўп овозли ансамбл ва оркестрлари XII халқаро фестивалининг очилиш маросими ўтказилди.

Фестивал арафасида соҳа вакиллари, тажрибали мутахассислар ва иштирокчи жамоалар вакиллари учун анжуман ташкил этилди. Унда фестивал координатори, Ўзбекистон санъат арбоби Феруза Абдураҳимова ушбу ижодий жараённинг мақсади ва моҳияти ҳақида гапириб, йиллар давомида мазкур фестивал янги истеъдодларни кашф қилишда муносиб аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади ва мунтазам қўллаб-қувватлаб келишаётгани учун ҳамкор ташкилотлар вакилларига самимий ташаккурларини изҳор этди.

Фестивал очилиш маросимида Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори Анвар Тожибоев сўзга чиқиб, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат филармонияси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказиб келинаётган мазкур санъат байрамининг йилдан йилга нуфузи ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади ва барча ижодий жамоаларни самимий табриклаб, уларнинг фестивалдаги иштирокларига омад тилади.

Бугун фестивалнинг ижодий танловларига старт берилди. Фестивал дастурига кўра, уч кун давомида барча жамоаларнинг чиқишлари Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилади ҳамда якунда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter