ОАВ: Покистон Афғонистоннинг 19 та чегара пунктини эгаллаб олди

Geo News телеканалининг хавфсизлик манбаларига асосланиб хабар беришича, икки давлат ўртасидаги тўқнашувлар ортидан Покистон 19 та Афғонистон чегара пунктини қўлга олди.
Телеканал манбаларига кўра, Афғонистон Покистон чегарасидаги бир нечта ўтиш жойларига ўт очганидан кейин Покистон жавоб қайтарган. Натижада Исломобод қўшинлари афғон назорат-ўтказиш пунктларининг бир қисмини вайрон қилган.
Geo нашрининг хабар беришича, Покистон армияси артиллерия, танклар, дронлар, енгил ва оғир қуроллардан фойдаланган. Бошқа нарсалар қатори, ҳарбийлар "Толибон"нинг икки батальони штаб-квартираси ва бир неча афғон танкларини йўқ қилди.
Манбаларга кўра, Покистоннинг жавоб зарбаларига икки давлат ўртасидаги уруш сифатида қарамаслик керак. Покистон армияси фақат жангарилар бошпаналари ва ҳарбий тайёргарлик лагерларини нишонга олган. Армия тинч аҳолига ҳужум қилиш ниятида эмас.
10 октябр куни Афғонистон муваққат ҳукумати Покистонни ҳаво ҳудудини бузганликда айблади. Кейинроқ Tolo News телеканали Афғонистон ҳаво кучлари Покистон билан чегарадош вилоятларга зарба бергани ҳақида хабар берди. 11 октябр куни Афғонистон Мудофаа вазирлиги Покистонга қарши ҳарбий операция якунлангани ҳақида маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter