Ўқитувчисиз дунё...

Тасаввур қилинг, эрта тонг. Қуёш нур сочмоқда. Болалар мактабга шошилади. Аммо синф хоналарида уларни ўқитувчилар эмас, сунъий интеллект билан таъминланган интерактив экранлар кутиб олади. Ҳар бир ўқувчи олдида шахсий планшет, ҳар бир саволга автоматик жавоб ва автоматик баҳо...
Яна тасаввур қилинг, 2157 йил. Мактаб деган тушунча йўқ, синфхона йўқ, парта ва қўнғироқ садоси ҳам йўқ. Болалар уйларида ёлғиз, экран орқали робот-ўқитувчидан билим олишади. Китобни эса фақат музейларда кўриш мумкин.
Америкалик ёзувчи Исаак Асимов «У пайтлар қанчалар завқли эди» (The Fun They Had) ҳикоясини 1951 йилда ёзган. У пайтлари ҳали инсоният сунъий интеллектдан бехабар пайтлар эди. Балки ҳикояни ўқиганимизда ўша пайтлари робот ўқитувчилар ҳақида тасаввурга эга бўлолмаганмиз. Аммо бугун кўриб турибмизки, ёзувчининг башорати тўғри чиқди, 2157 йилни кутишга ҳам ҳожат қолмаётгандек гўё...
Ҳикоя шундай бошланади, 13 ёшли қизалоқ Марги Жонс бу ҳақда ҳатто кундалигида ёзади: «2157 йил 17 май. Бугун Томми чордоқдан қоғозли китоб топиб олди!»
Ҳа, бу жуда эски китоб эди. Марги эслади, бир пайтлар унга бобоси барча ҳикоялар ва романлар қоғозга босилганини айтиб берган эди.
Китоб сарғайган, саҳифалари титилиб кетган, сўзлар экранда ҳаракат қилиш ўрнига бир жойда турар ва бу жуда кулгили эди.
Болалар китоб ҳақида суҳбатлашмоқда, уни ўқиб бўлгач ташлаб юборишгандир-а, деб ўйлашади улар.
– Ва бизнинг компютеримизда миллионлаб китоблар бор, у яна кўп китобларни кўради. Мен ҳеч қачон экранни улоқтирмайман, – деди Томми.
– Мен ҳам, – деди Марги.
Китобни ўқиётган Томмидан Марги сўрайди:
– Китоб нима ҳақида?
– Мактаб ҳақида...
– Мактаб ҳақида-а? – деди Марги энсаси қотиб. – Ёзадиган бошқа нарса йўқмикан? Мен мактабни ёмон кўраман.
Марги ҳар доим мактабни ёмон кўрган, энди эса ҳар қачонгидан ҳам ёмон кўрарди. Чунки у географиядан имтиҳонда ўта олмаган, экран-ўқитувчи эса ишламай қолганди.
Уларнинг уйига ўқитувчини тузатиш учун инспектор келди.
У кичкина, юзи қизил, тўлачадан келган одам. Қутиси турли асбоблар билан тўла эди. У машина ўқитувчини қайтадан тузатди. Марги уни қайта тиклай олмайди, деб умид қилди, лекин бир соат ёки ундан кўпроқ вақт ўтгач, ўқитувчи тайёр эди, баҳайбат, қора ва хунук, катта тўртбурчак экран ўқитувчи саволлар беришни бошлади. Маргининг энг ёмон кўрган нарсаси уй вазифалари ва тестларни топширишга мажбурлиги эди. У уларни олти ёшида ўргатилган махсус кодланган жойга ёзиши керак – машина ўқитувчи ўша заҳотиёқ баҳоларди.
Ишни тугатгандан сўнг, инспектор табассум қилди ва Маргининг бошини силаб қўйди. У: «Ўқитувчининг ишламай қолиши қизингизнинг айби эмас, Жонс хоним. Афтидан география фани бироз тезлашиб кетган. Баъзида шундай бўлади. Мен уни оддий ўн йиллик даражага туширдим. Ва қизингизнинг умумий кўрсаткичи жуда қониқарли.»
Марги ҳафсаласи пир бўлди. У ўқитувчини бутунлай олиб кетишларига умид қилган эди. Бир пайтлар тарих фани шунақа нотўғри ишлай бошлагач,Томмининг экран-ўқитувчиси бир марта тузатилиш учун деярли бир ойга олиб кетилган эди.
Шунинг учун у Томмига деди:
– Мактабнинг нимаси қизиқ, нега мактаб ҳақида ёзишган?
Томми унга қаради ва:
– Чунки бу мактаб бизнинг мактабга ўхшамайди, эски, юзлаб йиллар олдинги мактаблар, – деди.
Марги Томмидан катта эди ва бу нарсаларни билмаслигидан ҳижолат бўлди.
«Ўша пайтдаги мактаблар қандай бўлган-а?» У бир зум Томмининг елкаси оша ҳарфларга кўз югуртирди, сўнг деди:
– Уларнинг ўқитувчиси бор эди!
– Aлбатта, лекин бу бизнинг ўқитувчидек экраннинг ичидаги рақамлардан иборат ўқитувчи эмас, инсон эди.
– Инсонми? Қандай қилиб одам ўқитувчи бўлади, одам боласи ўқитувчилик қила олмайди.
– Aлбатта, бўлиши мумкин... Масалан отам ҳам ўқитувчидек кўп нарса билади.
– Бу бўлиши мумкин эмас. Инсон бизнинг темир ўқитувчидек кўп нарсани била олмайди.
– Ишончим комилки, инсон ўқитувчи ҳам шунча кўп билимга эга бўлган.
– Уйимизда нотаниш одам яшашини хоҳламайман, – деди Марги.
Томми кулиб юборди:
– Эҳ, Марги! Ўқитувчилар болалар билан яшамаган. Уларнинг махсус биноси бўлган ва барча болалар у ерга боришган.
– Ва ҳамма болалар бир хил нарсаларни ўрганишганми?
– Aлбатта, ахир уларнинг ёши тенг бўлган.
– Онам айтадики, ўқитувчи ҳар бир ўғил ёки қизнинг онгига мос бўлиши керак ва ҳар бир бола алоҳида ўқитилиши керак.
– Демак, улар ўша пайтда бундай қилмаганлар. Ва агар бу китоб ёқмаса, уни ўқишинг шарт эмас.
– Мен китоб ёқмаяпти демадим, – деди Марги тезда.
У бу ғалати мактаблар ҳақида ўқишни хоҳлаётганди.
Шу пайт Маргининг онаси: «Марги! Дарс бошланди»,– деди...
Марги атрофга қаради...Унинг мактабдаги хонаси уйда, ётоқхонасининг ёнида эди. Хонасига катта экран қўйилган, Марги ана шу экран орқали ўқийди, ўрганади ва ўша экранга имтиҳон топширади.
Экран ёнди ва қуйидаги сўзлар пайдо бўлди: «Бугун биз арифметикада тўғри касрларни қўшишни ўрганамиз. Кечаги тайёрлаган уй вазифасини қолдиринг...»
Марги хўрсиниб итоат қилди. У ўтмишдаги одамларнинг болалигида бўлган эски мактаблар ҳақида ўйлади ва тасаввур қилди: Маҳалланинг ҳамма болалари мактаб ҳовлисида қичқириб кулишар, дарсда бирга ўтиришар, бирга уйга кетишарди. Уларнинг барчаси бир хил нарсаларни ўрганишади, уй вазифаларини бажаришда бир-бирларига ёрдам беришади ва бу ҳақда гаплашишади. Ўқитувчилар эса инсон эди. Улар ўқувчилар билан жонли мулоқот қилар, юзма-юз ўтириб гаплашар, яхши жавоб берса болаларнинг бошини силаб қўяр, имтиҳонларни диққат билан текшираётганда ҳар бир ўқувчига табассум қилар ёки маҳзун бўлиб қоларди...
Марги экранга қаради, унда шундай ёзувлар пайдо бўлди: «Биз 1/2 ва 1/4 касрларни қўшганда...»
Маргининг эса хаёли умуман ўтмишга кўчган, ўша пайтда болалар мактабни қанчалик яхши кўришлари ва илиқ хотиралар билан хотирлашлари ҳақида ўйларди. У улар қанчалик завқлангани ҳақида ўйларкан хўрсинди: «Эҳ у пайтлар қанчалар қизиқарли бўлган»...
Исаак Асимовнинг бу қисқа ҳикояси бизга ўқитувчининг ўрни ҳаётимизда қанчалар катта эканлигини уқтираётгандек, технология қанчалик ривожланмасин, ўқитувчининг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Китоб қоғозга тушган сўзлар, мактаб болаларни бир жойга йиғадиган даргоҳ, ўқитувчи эса қалбга нур соладиган инсон.
Ёзувчи ўз асарларида илм ва технологиянинг қудратини кўрсатган, аммо бир нарсани ҳам унутмаган: инсон руҳи – ҳар қандай машинадан устун.
Билим бериш техника учун муаммо эмас, аммо қалбни ўрганиш – фақат инсоннинг қўлидан келади. Чунки ўқитувчи фақат алифбони эмас, балки ҳаётни ўргатади.
Ўқитувчи авлоддан авлодга илм ва тажрибани узатадиган кўприк. Агар бу кўприк бузилса, келажакка ҳеч ким етиб бормаган бўларди. Шунинг учун ҳам ўқитувчисиз дунё – келажаксиз дунё.
Ёзувчи ҳикояси орқали бизни огоҳлантиради: технология инсон ўрнига ишлаши мумкин, лекин устознинг ўрнига эмас. Чунки устознинг ҳақиқий қудрати бола қалбида из қолдиришда.
Агар ўқитувчисиз дунё ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлса, у дунё билимга тўла, аммо маъноси бўш бўларди. Чунки формула, қоида, мисолларни ўргатиш осон. Лекин болага одамийликни, меҳрни, олижанобликни ҳис қилишни ўргатиш – буни ҳеч қандай сунъий интеллект, ҳеч қандай техника бажара олмайди.
Одам ҳаётидаги ҳар бир ёрқин йўл ортида ўқитувчининг сояси бор. Биз ўқитувчидан эшитган биргина сеҳрли сўз бутун умримизнинг бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Уларнинг меҳнати кўпинча кўзга кўринмайди, лекин дунёдаги ҳар қандай ихтиро, ҳар қандай кашфиёт, ҳар қандай асар улар кўрсатган йўлдан бошланади.
Савол туғилади: агар бир кунгина биз «ўқитувчисиз дунё»да қолсак, технология ривожланган, роботлар ҳамма нарсани ўргатган дунёда... аммо инсоннинг юрагини ким оловлантиради?
Сиз ўқитувчисиз дунёни тасаввур қила оласизми? Ахир, ўқитувчисиз дунё – нурсиз, келажаксиз дунё эмасми?
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter