Ўзбекистон сув тақчиллигига янги ечим изламоқда
Ёмғирни исталган вақтда ёғдириш мумкинми? Тоғларда музлик яратиб, сувни ойлаб сақлаш-чи? Илгари фантастикадек туюлган бу ғоялар энди Ўзбекистонда амалий тажриба сифатида кўриб чиқилмоқда.
2026 йил 31 мартда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 135-сон қарорида Тўпаланг дарёсининг юқори қисмида сунъий ёмғир ёғдириш ва сунъий музликлар яратиш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.
Биз бу хабарни шунчаки «Ўзбекистон сунъий ёмғир ёғдирмоқчи» деган сарлавҳа билан ҳам эълон қилишимиз мумкин эди. Аммо масаланинг моҳияти анча жиддий. Чунки гап ёмғир ҳақида эмас. Гап — сув ҳақида.
Иқлим ўзгариши Марказий Осиё учун абстракт илмий тушунча бўлиб қолмаяпти. Ёғингарчиликнинг беқарорлиги, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, тоғлардаги қор ва муз захираларининг ўзгариши сув ресурсларига бевосита таъсир қилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон каби сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий дарёлар ва тоғларда шаклланадиган оқимларга боғлиқ мамлакат учун бу масала стратегик аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Тўпалангдаги тажриба — табиатни ўзгартиришга уриниш эмас. Бу мавжуд сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имкониятларини излашдир.
Сунъий ёмғир деганда осмонга сув сепиб, ёмғир ёғдириш тушунилмайди. Гап, асосан, булутларни уруғлантириш — cloud seeding технологияси ҳақида кетмоқда.
Унда ёғин бериш учун мос булутларга махсус заррачалар киритилиб, булут ичидаги микрофизик жараёнларга таъсир кўрсатишга ҳаракат қилинади. Яъни, осмонда булут бўлса ундаги намликдан кўпроқ ёғин олишга уринилади. Булут бўлмаган тақдирда эса, технология ёрдамида ёмғирни нолдан яратиб бўлмайди.
Жаҳон метеорология ташкилоти ҳам айнан шу жиҳатни таъкидлайди, атмосферадаги жараёнлар шу қадар улкан энергияга эгаки, булутсиз ҳудудда ёмғирли булут тизимини сунъий равишда яратиш ёки шамолни ўзгартириб, бошқа ҳудуддан намлик олиб келиш имкони йўқ.
Шунинг учун Ўзбекистон истаган пайтида ёмғир ёғдиради деган хулоса нотўғри. Тўпалангдаги лойиҳага ҳам айнан муайян метеорологик шароитларда ёғинни кучайтириш имкониятини синаб кўриш сифатида қарасак тўғри бўлади.
Булутларни уруғлантириш дунёда янги технология эмас. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, ёғинни кўпайтириш, қор ёғишини кучайтириш, туманни тарқатиш ёки дўл таъсирини камайтиришга қаратилган об-ҳавони модификация қилиш дастурлари 50 дан ортиқ мамлакатда амалга оширилмоқда.
Бироқ бу технология атрофида ҳали ҳам катта илмий саволлар бор. Чунки табиатда ёмғир ёғишига бир вақтнинг ўзида ўнлаб омиллар таъсир қилади. Шу сабабли «ёғингарчилик ошди, демак, технология ишлади» деган хулоса илмий жиҳатдан етарли эмас.
Мутахассислар уруғлантирилган ва уруғлантирилмаган булутларни таққослаши, метеорологик маълумотларни йиғиши ва натижани статистик жиҳатдан баҳолаши керак. Жаҳон метеорология ташкилоти ҳам бундай тажрибаларда объектив статистик баҳолаш ва физик моделлардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлайди.
Демак, Тўпалангдаги тажрибанинг ҳақиқий муваффақияти фақат ёмғир ёғдими-йўқми, билан эмас, қанча қўшимча ёғин олинди ва бу натижа айнан технология ҳисобига юз бергани қанчалик ишончли исботланди, деган саволлар билан ўлчанади.
2026 йил бошида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Сарчашма маҳалласида Ice Stupa — сунъий музлик устунлари технологияси жорий қилинди.
FAO маълумотига кўра, бу ерда тўртта сунъий музлик устуни барпо этилган. Ҳар бир устун қиш мавсумида 450 куб метргача сувни муз шаклида тўплаши мумкин. Ҳаво исиши билан муз секин эриб, баҳор ва ёзда суғориш ҳамда хўжалик эҳтиёжлари учун ишлатилади.
Энг муҳими, бу технология ташқи энергия манбасини талаб қилмаслиги ва тоғли ҳудудларнинг табиий шароитига мослаштирилгани қайд этилган.
Тўпаланг дарёси Сурхондарё вилояти учун оддий дарё эмас. Унинг суви аҳоли, қишлоқ хўжалиги ва ҳудуднинг умумий сув таъминоти учун муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Шунинг учун дарёнинг юқори қисмида ёғин миқдорини ошириш ёки қишки сувни муз шаклида захиралаш бўйича тажриба ўтказилиши пастдаги ҳудудларнинг сув таъминоти билан бевосита боғлиқ.
Аммо технологияга ортиқча умид боғлаш ҳам тўғри эмас. Сунъий ёмғир технологияси ҳақида гап кетганда, энг катта хатолардан бири уни қурғоқчиликка қарши тайёр ечим сифатида кўрсатишдир.
Жаҳон метеорология ташкилоти бундай технологияларнинг самараси булутнинг хусусиятлари ва табиий шароитларга жуда кучли боғлиқлигини таъкидлайди. Айрим усуллар бўйича илмий далиллар кучайиб бораётган бўлсада, натижаларни бир ҳудуддан бошқасига тўғридан-тўғри кўчириш мумкин эмас.
Агар натижа ижобий бўлсагина, Ўзбекистоннинг бошқа тоғли ҳудудларида ҳам шундай технологиялардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.
Агар натижа кутилганидек бўлмаса, бу ҳам муҳим илмий натижа. Чунки мамлакат ўз иқлимида қайси технология ишламаслигини ҳам билиб олади.
Аслида, сунъий ёмғир ҳақидаги муҳокама бизда яна бир саволни туғдириши керак. Сувни кўпайтиришга уринишдан олдин мавжуд сувни қанчалик тежаяпмиз?
Янги технологиялар, жумладан, сунъий ёмғир, сунъий музлик, рақамли мониторинг, аниқ метеорологик прогнозлар — сув хавфсизлигининг бир қисми бўлиши мумкин. Аммо улар сувдан самарасиз фойдаланиш, эски инфратузилма ёки йўқотишлар муаммосини ўз-ўзидан ҳал қилмайди.
Ўзбекистон энди фақат осмонга қараб, ёмғир кутиб ўтиришни эмас, табиий жараёнларни илмий технологиялар ёрдамида ўрганиш ва улардан фойдаланиш йўлларини изламоқда.
Бугун бу — тажриба. Эртага эса агар илмий жиҳатдан ўзини оқласа, сув хавфсизлигининг янги воситаларидан бирига айланиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter