Ўзбекистонда олийгоҳлар камайди. Энг кўп ОТМлар қайси ҳудудларда?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистонда 215 та олий таълим ташкилоти фаолият юритган. Бу кўрсаткич ўтган ўқув йили бошига нисбатан 7 тага камайган.
Мамлакатдаги олий таълим муассасаларининг қарийб ярми пойтахт ҳиссасига тўғри келмоқда. Тошкент шаҳрида 98 та олий таълим ташкилоти фаолият кўрсатаётган бўлиб, бу республикадаги жами олийгоҳларнинг катта қисмини ташкил этади.
Статистикага кўра, олий таълим соҳасида хусусий секторнинг ўрни ҳам ортиб бормоқда. Нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 97 тага етган. Бу эса таълим бозорида рақобат муҳитини кучайтириш ва талабалар учун танлов имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Пойтахтдан кейин энг кўп олий таълим ташкилоти Тошкент вилоятида жойлашган бўлиб, уларнинг сони 19 тани ташкил этган. Самарқанд вилоятида 14 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида эса 11 тадан олийгоҳ фаолият кўрсатмоқда.
Андижон, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида 9 тадан, Сурхондарё ҳамда Хоразм вилоятларида 8 тадан олий таълим муассасаси мавжуд.
Наманган вилоятида 6 та, Жиззах ва Навоий вилоятларида 5 тадан олийгоҳ қайд этилган. Энг кам кўрсаткич Сирдарё вилояти ҳиссасига тўғри келиб, бу ҳудудда 3 та олий таълим ташкилоти фаолият юритмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter