Ўзбекистонда хусусий театрлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади
Ўзбекистонда театр соҳасида хусусий секторни ривожлантириш ва ижодий рақобат муҳитини кучайтириш бўйича янги механизмлар жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида маълум қилинди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, хусусий театрлар ва театр-студияларни қўллаб-қувватлаш орқали соҳада соғлом ижодий муҳит шакллантириш мумкин. Шу муносабат билан 1 сентябрдан бошлаб хусусий театрларга кенг имконият ва имтиёзлар берилади.
Янги тартибга кўра, хусусий театр ва театр-студиялари ҳар йили 50 тагача саҳна асарини яратиш харажатлари учун давлат кўмаги олади. Шунингдек, давлатга қарашли маданият объектлари уларга бепул фойдаланиш учун ажратилади.
Агар хусусий театрлар фаолияти учун биноларни ижарага олса, ҳар ой 20 миллион сўмгача ижара харажатлари бюджетдан қоплаб берилади.
Театрлар учун яна бир муҳим янгилик – спектакль чипталарига қўшимча давлат гонорари жорий этилиши бўлди. Энди давлат ва хусусий театрлар сотилган ҳар бир билет учун бюджетдан қўшимча 10 минг сўм олади. Масалан, агар театр мингта чипта сотса, унга қўшимча 10 миллион сўм ажратилади.
Ҳудудларда гастроль намойишлари ўтказилганда эса бу миқдор икки баравар оширилиб, ҳар бир чипта учун 20 минг сўмдан тўланади.
Учрашувда давлат театрларини модернизация қилиш ишлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Миллий қўғирчоқ театри, Мукимий номидаги академик театр ва Ёшлар театрини замонавий қиёфага олиб кириш ишлари бошлангани айтилди.
Шу билан бирга, ўтган йили Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрига молиявий ва ташкилий мустақиллик бериш тажрибаси ижобий самара бергани қайд этилди. Энди бу амалиёт Мукимий, Бердақ ва Миллий қўғирчоқ театрларида ҳам жорий этилади.
Мутахассислар фикрича, хусусий театрларнинг қўллаб-қувватланиши мамлакатда замонавий театр бозорини шакллантириш, янги ижодий жамоалар пайдо бўлиши ва томошабинлар учун рақобатбардош маданий муҳит яратишга хизмат қилиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter