Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг икки қўшниси билан туташган чегарасида «Тинчлик парки» ташкил этилиши мумкин

Ўзбекистоннинг икки қўшниси билан туташган чегарасида «Тинчлик парки» ташкил этилиши мумкин

Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегаралари туташган ҳудудда «Тинчлик парки»ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилмоқда. Лойиҳа RESILAND CA+ дастури маслаҳат қўмитаси йиғилишида ҳамда жорий йилги Марказий Осиё иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференцияси доирасида муҳокама қилинди.

Ташаббусга кўра, чегараолди табиий ҳудудларни қўшма бошқариш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва барқарор экотизимларни ривожлантириш кўзда тутилган. Мутахассислар фикрича, бу нафақат табиий офатлар хавфини камайтиради, балки минтақада давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлайди.

Йиғилишда, шунингдек, трансчегаравий ландшафтларни тиклаш, табиатга мос ечимларни жорий этиш ва эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, ўрмон ёнғинлари каби хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қирғизистон вакиллари мамлакат табиий хавфларга нисбатан юқори даражада заиф эканини қайд этди. Хусусан, ҳудудда минглаб кўчкилар, сел хавфи мавжуд зоналар ва хавфли баланд тоғ кўллари борлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, иштирокчилар иқлимга боғлиқ офатлар бўйича онлайн-каталог яратиш масаласини ҳам муҳокама қилди. Бу тизим орқали минтақадаги давлатлар ўзаро маълумот алмашиши ва фавқулодда вазиятларда ҳаракатларни мувофиқлаштириши мумкин бўлади.

Йиғилиш якунида томонлар «Тинчлик парки» ташаббусини илгари суриш ва Марказий Осиёда ландшафтларни узоқ муддатли тиклаш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг