Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

PISA асосчиси таълимда кузатилаётган хавфли ҳолатдан огоҳлантирди

PISA асосчиси таълимда кузатилаётган хавфли ҳолатдан огоҳлантирди

Фото: Photothek

Дунёга машҳур PISA тизими асосчиси Андреас Шлейхер кўплаб давлатларда ўқувчиларнинг билим даражаси тушиб бораётгани ҳақида бонг урди. Жорий ҳафта 91 мамлакатдаги 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича  билим ва саводхонлик даражаси акс этган таҳлиллар эълон қилинган эди.

«Кўрмоқдамизки, ўқувчиларда нафақат базавий саводхонлик пасаймоқда, шунингдек, маълумотларни қиёслаш, ахборотни танқидий таҳлил қилиш ва мураккаб матнлар билан ишлаш қобилияти ҳам сусаймоқда», — деган Андреас Шлейхер Euronews телеканалига берган интервюсида.

Санаб ўтилган хусусиятлар айнан сунъий интеллект (СИ) билан ишлашда сув билан ҳаводек зарур ҳисобланади. Қиёс ва танқидий таҳлил малакасининг сусайиши ўқувчилар келажагига соя  солиши мумкин.

PISA асосчиси фикрича, СИ технологияларидан ҳаддан зиёд кўп фойдаланиш ўсмирларнинг билим даражасига салбий таъсир этмоқда. Тадқиқот жараёнида СИдан фойдаланмайдиган ўқувчиларда билим ва саводхонлик даражаси юқори экани маълум бўлди. Шунга кўра мутахассис дунё давлатлари таълимида СИдан шунчаки истеъмолчи сифатида эмас, балки ижодий ва танқидий тафаккур асосида фойдаланиш лозимлигини урғулаган.

«СИдан айрим давлатлар ўқувчиларни теран фикрлашга, тўғри масалаларни излашга мажбур қилиш ҳамда уларнинг яхшироқ ўқишига ёрдам берадиган кучли воситаларни тақдим этиш мақсадида фойдаланмоқда... Биз таълим тизимида СИдан истеъмолчилик тарзида фойдаланишдан кўпроқ ижодий фойдаланишга ўтишимиз керак», — деган Андреас Шлейхер.

PISA тестлари натижаси Европа давлатлари орасида ҳам тафовут ошиб бораётганини кўрсатди. Масалан, Франция, Германия, Испания каби давлатларда ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси тушиб кетгани кузатилди. Қизиқ жиҳати, Европанинг кичик давлатлари ижобий натижа қайд этган. Масалан, Эстония ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича тестларда Европада биринчи ўринни олган, дунёда ҳам кучли ўнталикка кирган.

«Бу — рақамли дунёни эҳтиёткорлик билан, аммо жуда пухта ва маҳсулдорлик билан ўзлаштириб бораётган мамлакатнинг ёрқин мисолидир», — деган Шлейхер.

Таълим келажаги ҳақида гапираркан, етакчи эксперт урғуни ахлоқий қарорлар қабул қилиш, мураккаб инсоний муносабатларда мўлжал ола билиш каби қобилиятларга қаратиш кераклигини таъкидлаган.

У ўқувчилар таълимнинг пассив истеъмолчиcи бўлиб қолиши мумкин эмаслиги, балки ўқув жараёнининг фаол иштирокчиcига айланиши кераклигини қайд этган.

PISA асосчиси натижаларни яхшилаш учун ўқитувчи ҳамда ота-оналарнинг масъулиятини ошириш муҳимлигини айтган.

Маълумот ўрнида: Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури (Programme for International Student Assessment, PISA) — дунё давлатларида 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика, табиий фанлар бўйича саводхонлиги ҳамда билимларни амалиётда қўллаш қобилиятини баҳоловчи дастурдир. Ушбу тестлар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан етакчи халқаро илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Аввал хабар берганимиздек, PISA 2025 халқаро баҳолаш дастури натижаларига кўра, Ўзбекистон табиий фанлар бўйича 438 балл тўплаб, 91 та давлат ва таълим тизими орасида 48-ўринни эгаллаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг