Қадр ва эҳтиром: Журналистлар уюшмаси ҳамда Миллий контент марказидан хайрли ташаббус (фото)
Журналистика – шунчаки касб эмас, бу қисмат. Бу йўлда соч оқартирган, ҳақиқат ва адолат мезонини устун билган устозларнинг ҳар бир сўзи – бир хазина. Бугунги шиддатли ахборот замонида ҳар бир сўзнинг ўз юки бор. Аммо бу юкни кўтаришда бизга маёқ бўладиган, журналистика машаққатини ўз елкасида кўтариб келган фидойи устозлар борки, уларнинг ҳар бир ўгити бир мактаб.
Кеча, 18 март куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан ана шундай заҳматкаш ижодкорлар учун байрам тадбири ташкил этилди. Наврўз ва Рамазон айёми муносабати билан ёзилган ифторлик дастурхони нафақат зиёфат, балки йиллар соғинчи ва ижодий мулоқот майдонига айланди.
Тадбирда Уюшма раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов таъкидлаганидек, бугун «Инсон қадри учун» тамойили шунчаки шиор эмас, балки амалий ифодасини топмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, фахрий журналистлар – Тўлқин Қозоқбоев, Галина Мельникова ва Насиба Иброҳимова каби афсонавий ижодкорларнинг бир даврада жам бўлиши – соҳадаги изчиллик ва анъаналар давомийлигидан далолат.
Ўзбекистон фахрийларининг «Нуроний» жамғармаси раисининг ўринбосари Шароф Убайдуллаев, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, «Ишонч» газетаси бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов Ўзбекистонда бугун ижод учун, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари ривожи учун кенг имкониятлар яратилганини, журналистика соҳасида туб ўзгаришлар содир бўлаётганини таъкидлашди. 
Тадбирда фақат байрам қилинмади, балки ёш авлод журналистларини тарбиялаш, уларга маҳорат сирларини ўргатиш бўйича ҳам жиддий таклифлар ўртага ташланди. Оммавий ахборот воситалари жамият ва давлат ўртасидаги олтин кўприк эканлиги, бу кўприкнинг мустаҳкамлиги эса тажрибали устозларнинг маслаҳатига боғлиқлиги қайд этилди.
Соҳа фахрийларига кўрсатилган бундай эътибор – ёш ижодкорлар учун ўз касбига меҳр ва садоқат билан ёндашишга катта мотивация беради.
***



Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter