Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саида Мирзиёева Тошкент ҳавосидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказди

Саида Мирзиёева Тошкент ҳавосидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Администрация ҳамда тегишли идоралар раҳбарияти иштирокида Тошкент шахридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси жиддий ташвиш уйғотаётгани, пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётгани ва бу ҳолат тезкор ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этаётгани таъкидланди.

Администрация раҳбари масъулларнинг атмосфера ҳавосининг ҳозирги ҳолати, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, жамоатчиликнинг таклиф ва ташаббуслари ҳақидаги ҳисоботларини тинглади. Мавжуд вазиятга таъсир кўрсатаётган асосий омиллар, одамлар саломатлиги ва экологияга салбий таъсирни камайтириш йўллари атрофлича кўриб чиқилди.

Йиғилишда белгиланган меъёрлар бузилган ҳолларда ҳавони ифлослантираётган ишлаб чиқаришларга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Одамлар саломатлиги ҳақида сўз кетганда, муроса учун ўрин йўқлиги, бу тамойил давлат ҳамда бизнес учун бир хил даражада амал қилиши шартлиги қайд этилди.

Саида Шавкатовна шу кунларда тезкор тартибда ишлаб чиқилган эксперт хулосаларига таяниб, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган, тезкор чоралардан тортиб, келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишини олдини олишга қаратилган тизимли ечимларни ўз ичига олган комплекс таклифларни илгари сурди.

Хусусан, Президент Администрацияси раҳбари томонидан экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи объектлар фаолиятини чеклаш, қурилишга қўйиладиган талабларни қатъийлаштириш, шаҳарни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ва ҳаво сифатини назорат қилишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ушбу чора-тадбирлар яқин вақт ичида давлат раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси учун асос бўлиб хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг