Шавкат Мирзиёев: дунё олдингидек «сокин» бўлмайди
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев жаҳондаги геосиёсий вазият тобора кескинлашаётганини таъкидлаб, раҳбарларни ҳушёрликка чақирди.
Давлат раҳбарига кўра, «Биринчи чорак кўрсаткичи яхши бўлди, йил охиригача ҳам шундай давом этади», деган қараш хато бўлади. У глобал зиддиятлар ва етакчилик учун кураш кучайиб бораётганини қайд этди.
«Такрор айтяпман: глобал зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, етакчилик учун кураш авж олаётган ҳозирги шароитда дунё олдингидек ъсокин’ бўлмайди», – деди Президент.
Йиғилишда иқтисодий фаоллик ва бандлик масалалари ҳам таҳлил қилинди. Жумладан, 2026 йилда банклар орқали кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ажратилаётгани маълум қилинди.
Айрим ҳудудларда бу маблағлар самарали ишлаётгани қайд этилди. Масалан, Ширин шаҳрида ҳар 1 миллиард сўм кредит ҳисобига 20 та иш ўрни яратилган бўлса, Учқудуқда 17 та, Хонобод ва Сўхда 14 тадан иш ўрни ташкил этилган.
Бироқ Учкўприк, Пискент, Бўстонлиқ, Кармана ва Қўрғонтепа туманларида бу кўрсаткич атиги 3 та иш ўрнини ташкил этмоқда.
Президент самарадорликдаги фарқларни танқид қилиб, ресурслар тўғри йўналтирилмаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар барча ҳудудларда кредитлар самарали лойиҳаларга йўналтирилганида, қўшимча 36 минг иш ўрни яратиш мумкин эди.
Шунингдек, 60 мингга яқин норасмий ишлаётган аҳолини расмий секторга чиқариш имконияти борлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан банк тизимида сунъий интеллектдан фаол фойдаланиш вазифаси қўйилди. Ҳудудий банк ходимларини ушбу технологияга ўқитиш ва «Сунъий интеллект маслаҳатчиси» платформасини ишга тушириш топширилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter