Суғурта агентлари учун янги қоидалар белгиланди
Суғурта агентлари фаолиятини тартибга солувчи янги низом Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжатга мувофиқ, суғурта агентлари билан ишлаш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда назорат механизмлари аниқ белгилаб берилди.
Низомга кўра, суғурта агенти суғурталовчи номидан ва унинг топшириғи асосида суғурта шартномаларини тузиш ҳамда уларнинг бажарилишини ташкил этиш билан шуғулланувчи жисмоний ёки юридик шахс ҳисобланади.
Суғурта агенти ва суғурталовчи ўртасидаги муносабатлар топшириқ шартномаси, яъни агент битими орқали расмийлаштирилади. Янги тартиб мазкур жараёнларни янада шаффофлаштиришга қаратилган.
Низомга мувофиқ, тузилган агент битими бир кун ичида суғурталовчи томонидан Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт.
Шундан сўнг суғурта агентига махсус ID рақам берилади. Бу эса агентлар фаолиятини ягона электрон база орқали кузатиб бориш имконини яратади. Шунингдек, суғурталовчилар ўз агентлари фаолиятини ҳар олти ойда камида бир марта мониторинг қилиши белгиланди.
Янги низомга кўра, суғурта агенти орқали тузилган шартномалар бўйича воситачилик ҳақи суғурталовчининг ҳисоб рақамига тушган суғурта мукофотининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги инсофсиз суғурта агентларининг махсус реестрини юритади ва уни расмий веб-сайтида очиқ эълон қилиб боради.
Ҳужжатда банк кредити билан боғлиқ суғурта шартномаларини расмийлаштиришда ҳам муҳим қоида белгиланган. Унга кўра, суғурталовчи ташкилотни танлаш ҳуқуқи тўлиқ равишда суғурта қилдирувчида сақланиб қолади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter