Тошкентдаги ёнғинда ФВВ қутқарувчиси ҳалок бўлди
ФВВ қутқарувчиси Тошкент шаҳридаги ёнғинни ўчириш чоғида ҳалок бўлди.
ФВВ хабарига кўра, 15 август куни соат 03:41 да «112» тизими орқали Тошкент шаҳар ФВББ навбатчилик қисмига Учтепа тумани «Қуйи Дархон» маҳалласида жойлашган уйлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Мурожаатдан сўнг қутқарув батальони қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни бартараф этишга киришган.
Ёнғиннинг дастлабки сониялариданоқ қутқарувчилар уни бартараф этиш билан бир қаторда, хонадонда бўлган аҳолини зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолган. ФВВ Махсус қутқарув батальони отряд командирининг ўринбосари — гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам жасорат кўрсатиб, инсонлар ҳаётини қутқарган, бироқ ёнғинни бартараф этиш жараёнида ўзи ҳалок бўлган.
«У ўз касбининг ҳақиқий фидойиси сифатида инсон ҳаёти ва хавфсизлигини ўз жонидан устун қўйиб, сўнгги нафасига қадар хизмат бурчига содиқ қолди. Унинг жасорати ва фидойилиги ҳамкасблари, қутқарувчилик касби ва юртимиз аҳли хотирасида ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади ФВВ хабарида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter