Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЙПХ инспекторига пора бераётган ҳайдовчи қўлга олинди

ЙПХ инспекторига пора бераётган ҳайдовчи қўлга олинди

Фото: Xabar.uz

Бухорода қалбаки гувоҳнома билан қўлга олинган ҳайдовчи йўл-патрул хизмати инспекторига пора бериб, қутилиб қолмоқчи бўлди. Бироқ, унинг ҳаракатларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати бошлиғи Умид Баракаев маълум қилди.

Таъкидланишича, Жондор тумани йўл-патрул хизмати инспектори назорат тадбирини ўтказаётганда, йўлда ҳаракатланиб келаётган транспорт воситасини тўхтатган. Ҳайдовчи ўзини Қоракўл туманида яшовчи Ф.И., деб таништирган. Транспорт воситасида текширув ўтказилганда, фуқаро томонидан тақдим этилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳақиқий эмаслиги аниқланган.

- Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши мумкин эмас. Шу боис, инспектор томонидан мазкур ҳолат юзасидан МЖКнинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши)2-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган. Автомобил эса белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилган,-дейди Умид Баракаев.

Жарима майдонида фуқаро инспекторни ҳолат юзасидан терговга хабардор қилмаслик ва автомашинани қайтариб бериш эвазига унга 200 АҚШ доллари пора таклиф қилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг фуқарони такрор-такрор таъкидлашича, ва ҳатто, “хатти-ҳаракатингизга қонуний жавобгарлик қўлланилиши мумкин”,-дея огоҳлантиришига қарамай, қалбаки гувоҳнома эгаси пора беришга уринаверган.

Зудлик билан Бухоро вилояти ИИБ шахсий хавфсизлик бўлими ва тегишли органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир уюштирилган. Унда 200 АҚШ долларини пора сифатида инспекторга бермоқчи бўлган пайтда ҳайдовчи қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг