Зеленский АҚШдан Patriot ракеталаридан кўпроқ етказишни сўради
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг навбатдаги оммавий ракета-дрон ҳужумларидан сўнг Европа ва АҚШни ҳаво мудофааси ёрдамини кучайтиришга чақирди.
Унинг таъкидлашича, Украинага Patriot тизимлари учун ракеталар етказиб бериш «мутлақо зарур».
«Европага ўзининг ракеталарга қарши мудофаа тизими керак. АҚШнинг Patriot мажмуалари учун ракеталар етказиб бериш бўйича ёрдами эса жуда муҳим», – деди Зеленский.
Украина расмийларига кўра, Россия 2 июнга ўтар кечаси мамлакат бўйлаб 73 та ракета ва 656 та дрон учирган. Украина ҳаво кучлари 602 та дрон ва 40 та ракетани уриб туширганини маълум қилди.
Ҳужумлар оқибатида қарийб 20 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳат олган.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Владимир Путинни «ҳарбий жиноятчи» деб атаб, Москва урушда фақат террор усулига таянаётганини билдирди.
Россия Мудофаа вазирлиги эса зарбалар Украина ҳарбий-саноат объектларига, жумладан гипертовушли ракеталар орқали берилганини маълум қилди.
AFP таҳлилига кўра, Россия май ойида Украинага рекорд даражада — 8 минг 150 та узоқ масофали дрон учирган. Бу апрел ойига нисбатан 24 фоизга кўп ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter