Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий Осиё–Европа Иттифоқи: парламент дипломатиясини кучайтириш йўлида амалий қадам

Марказий Осиё–Европа Иттифоқи: парламент дипломатиясини кучайтириш йўлида амалий қадам

Фото: Сенат матбуот хизмати

Жорий йил 30-31 март кунлари Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё–Европа Иттифоқи биринчи парламентлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон парламентлари вакиллари, Европа парламенти аъзолари, экспертлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, академик доиралар ҳамда бизнес вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар беришича, форумда бугунги сиёсий мулоқотнинг ҳолати ва унинг келгуси истиқболлари, “яшил” трансформация, ўзаро иқтисодий боғлиқлик, рақамли макон хавфсизлиги, инклюзив бошқарув ҳамда парламент дипломатиясининг замонавий аҳамияти каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Анжуман очилиши маросимида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мазкур формат парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ишончни ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қиладиган муҳим платформа эканини таъкидлади.

Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича Европа парламенти делегацияси раҳбари, Европа парламенти депутати Жузи Принчи парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш, барқарор ривожланиш ва қонун устуворлигини таъминлашда ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Қозоғистон Парламенти Мажилиси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Айгул Куспан, Тожикистон Мажлиси Намоёндагон Мажлиси Оли раисининг ўринбосари Мавсума Муини, Туркманистон Межлиси Халқаро ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Максат Кулиев, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенешининг Фан, таълим, инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари, маданият, спорт ва ёшлар ишлари қўмитаси раисининг

ўринбосари Салтанат Аманова минтақалараро шерикликни янада чуқурлаштириш зарурлигига урғу берди.

Форум ўз ишини сессиялар доирасида давом эттирди.

Якунда тадбир доирасида илгари сурилган ташаббус ва келишувлар акс этган Марказий Осиё–Европа Иттифоқи биринчи парламентлараро форумининг қўшма баёноти қабул қилинди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Томонлар парламентлараро форумларни Брюссель шаҳрида ва Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида мунтазам ўтказишга тайёр эканини билдирди.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев форум доирасида Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича Европа парламенти делегацияси раҳбари Жузи Принчи ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс билан музокара ўтказди.

Учрашувда замонавий геосиёсий ўзгаришлар шароитида ташқи алоқаларни диверсификация қилиш зарурлиги қайд этилиб, Марказий Осиё ва ЕИ ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Форум арафасида Жузи Принчи бошчилигидаги Европа Иттифоқининг юқори даражадаги делегацияси Самарқанд шаҳридаги икки муҳим таълим муассасасига ташриф буюрди.

ЕИнинг юртимиздаги делегацияси матбуот хизмати хабар беришича, ушбу ташриф ЕИнинг ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўникмаларини ривожлантириш ҳамда маданий меросни асраб-авайлашга бўлган қатъий интилишини яна бир бор намоён этди.

ЕИ делегацияси матбуот хизмати

Делегациянинг илк ташриф жойи Самарқанд туризм ва маданий мерос техник коллежи бўлди. Самарқанд касб-ҳунар мукаммаллиги маркази шу ерда жойлашган. Ушбу марказ ЕИ томонидан молиялаштирилаётган ҳамда ЮНEСКО томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистон қишлоқ жойларида иш билан таъминлаш учун кўникмаларни ривожлантириш” (2020–2026 йиллар, 9,6 миллион евро) лойиҳаси доирасидаги асосий ташаббусдир.

Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университетида ҳам европалик меҳмонлар ва юздан ортиқ талаба билан жонли суҳбат ташкил этилди.

“Талабаларнинг иштиёқ ва қизиқишлари жуда илҳомлантирувчи омилдир. Erasmus+ ва бошқа таълим дастурларимиз орқали биз нафақат кўникмаларни ривожлантирмоқдамиз, балки халқларимиз ўртасида кўприклар қурмоқдамиз”, – деди Жузи Принчи хоним.

Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи парламентлараро ҳамкорлик форуми икки минтақа ўртасидаги демократик алоқалар, иқтисодий шериклик ва халқлар ўртасидаги робиталарни мустаҳкамлашда тарихий қадам деб баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ташаббус Ўзбекистон томонидан 2025 йил 4 апрель куни бўлиб ўтган Марказий Осиё–Европа Иттифоқи саммитида илгари сурилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг