Президент Шавкат Мирзиёев эртага Самарқандга боради
 
                                                                    
                            Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (UNESCO) Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этади.
Бош конференциянинг тарихий сессияси қирқ йил ичида биринчи марта UNESCO Париждаги қароргоҳидан ташқарида ўтказилмоқда. Бундай кенг кўламли халқаро форумнинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг ташкилот ғоялари ва қадриятларига содиқлиги, шунингдек, тинчлик, ўзаро англашув ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал мулоқотни ривожлантиришга фаол ҳисса қўшишга қатъий интилишининг ёрқин тасдиғи бўлади.
Ушбу муҳим сессия доирасида таълим, фан, маданият, экология, технология ва коммуникация соҳаларидаги асосий масалаларни муҳокама қилишга бағишланган 150 дан ортиқ турли шаклдаги тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бундай нуфузли халқаро тадбир дунёнинг энг қадимий ва улуғвор шаҳарларидан бирида ташкил этилгани ўзига хос рамзий маънога эга. Бу жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган юксак ишончи, унинг маданиятлараро мулоқот ғояларини илгари суриш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги нуфузи ҳамда фаоллиги тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Тадбирда 200 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлардан юқори даражадаги делегациялар, жумладан, Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич, Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини, UNESCO Бош директори Одри Азуле ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этади.
UNESCO Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослаштирилган муассасаси бўлиб, 1945 йилда таълим, фан, маданият ва коммуникациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси 1993 йилда UNESCO тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди. 1996 йилда Тошкентда ташкилотнинг ваколатхонаси очилгани мамлакатимизнинг ушбу нуфузли халқаро тузилма билан ҳамкорлиги ва кўп қиррали шериклигини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди.
 
                             
                             
                             
                     
                     
                     
                     
                    

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter