Шавкат Мирзиёев янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди
Бугун, 9 апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев Амир Темур таваллуднинг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Музейнинг биринчи қаватида «Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси» бўлими ташкил этилди. Иккинчи қаватда эса сунъий интеллект ва «ақлли» технологиялар асосида Амир Темур даври ва темурийлар ҳақида интерактив экспозициялар жойлашган. Шунингдек, 3D форматдаги экспонатлар ҳамда хариталар намойиш қилинган.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозицияси ва ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берди.
– Дунё ҳавас қилгулик тарихимиз, меросимиз бор. Соҳибқирон тарихини жамлаган музей замонга муносиб янги қиёфага келгани яхши бўлди. Энди буни аҳолимизга, ёшларга, хорижлик меҳмонларга етказиш энг катта вазифамиз. Янги Ўзбекистонни юксалтириш учун керакли билимларни қаердан олиш мумкин десангиз, буларнинг барчаси – аждодларимиз қолдирган меросда, илмда. Шу боис, ёшларимизни, нуронийларни, умуман, аҳолимизни маҳаллабай тарзда музейларга олиб келиб, буюк тарихимиз ҳақидаги билимларини оширишимиз лозим, – деди давлат раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев ташриф чоғида Темурийлар тарихи давлат музейининг меҳмонлар китобига дастхат қолдирди.
Маълумот учун, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида 2026 йил 5 февралда Президентнинг тегишли қарори қабул қилинганди. Қарор ижроси доирасида дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда Темурийлар тарихи давлат музейи биноси реконструкция қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter