Айрим футболчилар 2029 йилгача даромад солиғидан озод қилинади
Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 мартдаги ПҚ–107-сонли қарори билан спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган янги чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан 2029 йил 1 апрелгача бўлган даврда Суперлига ва Пролигада иштирок этувчи футбол клублари футболчилари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади.
Шу билан бирга, мазкур футболчилар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади. Бу чоралар профессионал футболни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Мазкур қарор билан Спорт вазирлиги ҳузурида Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши белгиланди.
Шунингдек, спорт федерациялари фаолиятига хусусий сектор иштирокини кучайтириш кўзда тутилган. Хусусан, йиллик харажатларнинг камида 20 фоизини қоплаган тадбиркорлар федерациялар ижро органларига киритилади.
Профессионал футбол клубларида эса камида 20 фоиз ҳомийлик маблағи киритган тадбиркор ёки гуруҳга клубни ишончли бошқарувга бериш амалиёти жорий этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter