Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Синдоровни телефон орқали табриклади

Шавкат Мирзиёев Синдоровни телефон орқали табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари ёш гроссмейстеримизни Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи марта мазкур нуфузли мусобақада зафар қозониб, том маънодаги тарихий ғалабага эришгани билан самимий табриклади.

Таъкидланишича, суҳбат чоғида Жавоҳир Синдоров ушбу турнирда илгари ҳеч ким ета олмаган юксак маррани забт этгани, 13 та ўйинда 6 маротаба ғалаба қозонгани спорт оламида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса экани алоҳида айтиб ўтилди.

Президент ёш гроссмейстер дунёнинг энг донгдор шахматчиларига қарши ҳар бир баҳсда катта жасорат ва маҳорат билан дона суриб, кучли ирода, юксак интеллектуал салоҳият ва қатъият фазилатларини намоён этганини қайд этди. Шунингдек, энди Жавоҳир Синдоров олдида жаҳон тожи учун ҳал қилувчи ва шарафли беллашув турганини қайд этиб, бўлажак ўйинларда унга янада улкан омад, куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади.

Суҳбатда 2026 йил Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Жавоҳир Синдоровнинг иштироки, шубҳасиз, жамоамизга катта руҳ ва ишонч бағишлаши қайд этилди.

Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг ота-онаси, яқинлари, устоз ва мураббийларини ҳам ушбу тарихий ғалаба билан чин юракдан табриклади.

Шу жумладан, Жавоҳир Синдоров юксак эътибор, самимий қутлов ва билдирилган ишонч учун Президентга чуқур миннатдорлик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг